Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди

Жамият

image

Бугун, 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий банк Матбуот хизмати хабар берди.

“Асосий ставканинг жорий даражаси иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш учун етарли, деб баҳоланмоқда. Иқтисодий вазиятнинг ривожланиб бориши ва фискал сиёсат хусусиятидан келиб чиқиб, келгуси чоракларда талаб ва таклифни мувозанатлаштириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурати юзага келиши мумкин”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2022 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этган.

Жорий йилда фискал рағбатлантиришларнинг нисбатан мувозанатлашуви кутилиётган бўлсада, ўтган 3 йилда кузатилган юқори фискал дефицитнинг ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирлари сақланиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги барқарорликнинг сақланиб қолиши, меҳнат ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг юқори ҳажмлари узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва кўчмас мулкларга бўлган талабни ўсишига ва, ўз навбатида, ушбу бозорларда нархларни ошишига олиб келмоқда.

2022 йил давомида иқтисодиёт ташқи шароитларнинг ўзгаришига мослашиб борди. Ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири қисқа муддатли ва дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлиши ҳисобига экспорт ва трансчегаравий пул ўтказмалардан валюта тушумларининг ўсиши кузатилди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда истеъмол товарлари нархларининг барча гуруҳларида кенг қамровли ўсиш кузатилди ва бу умумий йиллик инфляция даражасининг 12,3 фоизгача тезлашишида ўз аксини топган. Сўнгги ярим йилликда базавий инфляцияда ҳам барқарор ўсиш тенденцияси кузатилди ва йиллик 13,8 фоизга етди. Бу ишлаб чиқарувчилар нархлари индексининг нисбатан юқори динамикаси билан бирга келгусида инфляцион босимларнинг янада ортиши эҳтимоли бўйича сигнал бермоқда. Охирги уч ойдаги инфляцион кутилмалардаги ўсиш динамикаси келгусида инфляцион хатарлар юзага келиши эҳтимолларини оширган.

Макроиқтисодий ривожланишнинг прогнозларига кўра, I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори ва 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5-5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 16 мартга белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг