Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди
Жамият
−
25 Январь
3432Марказий банк бошқарувининг 2024 йил 25 январдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.
Маълум қилинишича, иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб, асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилган. Шунингдек, инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
"Шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.
Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса, келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади. Умуман олганда, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг юзага келиши ва сақланиб қолаётгани, юқори талаб шароитларига айрим таклиф компонентларининг тўлиқ мослаша олмаётгани билан изоҳланади", дейилади Марказий банк хабарида.
2023 йилда иқтисодий ўсишнинг 6 фоизгача тезлашишида, асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг юқори суръатда ўсиши муҳим аҳамият касб этди. Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ижобий динамикаси, фискал рағбатлантиришларнинг юқори бўлгани ва пул ўтказмалари иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлган.
Жаҳон иқтисодиётидаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хомашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг жорий йилда ҳам секишлашишда давом этиши кутилмоқда.
Савдо ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги тахмин қилинмоқда.
Банк тизимида ликвидликдаги таркибий профицитнинг қисқариб бориши билан бир қаторда, пул бозорида операцияларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларининг жорий йил давомида ҳам монетар операцияларни фаол қўллаган ҳолда фоиз коридори доирасида шаклланиши учун шароит яратиб борилади.
Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори ижобий реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолиши кутилмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Жорий йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.
Айни пайтда, айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.
Асосий ташқи хатарлар, глобал фрагментациянинг кучайиши ва юқори глобал инфляцион жараёнларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади.
Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бир томондан, истеъмол талаби бўлса, иккинчи томондан, таркибий ислоҳотлар таъсирида тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг ошиши бўлади.
Марказий банк асосий ставка бўйича келгуси қарорларини умумий инфляциянинг янгиланган прогнозларидан келиб чиқиб қабул қилади ва инфляциянинг 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаб боради.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 14 мартга белгиланган.
LiveБарчаси