Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
Жамият
−
12 Сентябрь
1852Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда бугун, 12 сентябрь куни Марказий банк Бошқарувининг қарори қабул қилинди.
Билдирилишича, иқтисодиётдаги юқори талаб ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида кузатилган ўсиш суръатлари пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
"Юқори иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсиб бораётгани ялпи талабни оширувчи асосий омиллардан бўлмоқда.
Инфляцияни йил якунида прогноз кўрсаткичларига қадар ва ўрта муддатли даврда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди", дейилади Марказий банк баёнотида.
Қайд этилишича, умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлган. Жорий йилда мева-сабзавотлар нархи пасайиши инфляцияга қарийб 1 фоиз бандлик пасайтирувчи таъсир кўрсатган. Ўз ўрнида, йил бошидан пасаювчи тенденцияга эга бўлган базавий инфляция июнь ойидан сўнг йиллик ҳисобда пасайишдан тўхтаган.
"Алмашув курси динамикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор шаклланаётгани аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июль ойида кутилмалар 11-12 фоизгача пасайган бўлса, август ойида пенсия ва давлат секторида иш ҳақиларининг кутилаётган ошиши ва ёқилғи ресурсларининг қимматлашиши таъсирида 12-13 фоизни ташкил қилди.
Ташқи савдо балансининг яхшиланиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши таъсирида жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг ҳам қисқариб бориши кутилмоқда. Бу эса, алмашув курсига эҳтимолий фундаментал босимларнинг камайишига ва жорий барқарор динамиканинг давом этишига хизмат қилади", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўрта муддатли истиқболда Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳамда инфляцион омилларнинг шаклланишидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилинади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 24 октябрга белгиланган.