Марғилонда 100 йиллик масжид бузилди. Вилоят ҳокимлиги изоҳ берди
Жамият
−
20 Октябрь 2021
8793Ижтимоий тармоқларда Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузилиб, ўрнига янги масжид биноси қад ростлаётгани билан боғлиқ танқидий руҳдаги материаллар эълон қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижасида Фарғона вилояти ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилди.
Аниқланишича, ижтимоий тармоқларда қайд этилганидек масжид биноси 1869 йилда эмас, балки 1918 йилда хом ғиштдан барпо этилган. 2019 йилда масжид маъмурияти қуйидаги сабаблар туфайли техник экспертизадан ўтказиш бўйича қурилиш соҳасида назорат органларига мурожаат йўлланган:
• бино деворлари ёрилган;
• пойдеворнинг чўкиб кетгани кузатилган;
• бино томининг ибодат пайтида қулаб тушиш хавфи пайдо бўлган.
2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида биносининг конструктив ва тузилмавий ечимлари меъёрий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, хом ғиштдан қурилган бинонинг деворлар конструкциясида ҳамда пойдеворда чўкиш ёки ёрилишлар мавжудлиги, намлик таъсирида деворнинг уқаланиши бошлаганлиги, “юк кўтарувчи ва тўсиқ конструкциялар” меъёрий ҳужжатлари талабларига умуман мос келмай қолганлиги аниқланган.
“Техник жиҳатдан бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган. Бугунги кунда эски масжид ўрнида 1500 ўринли бўлган барча қулайликларга эга замонавий янги масжид биноси қад ростламоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади.
LiveБарчаси