Маошларингизни оширдик, имкони бўлганда яна оширамиз – Мирзиёев ўқитувчиларга
Жамият
−
29 Декабрь 2022
6729Ўзбекистонла ўқитувчилар маоши оширилган, давлат бу билан тўхтаб қолмайди. Имкон бўлиши билан яна кўпайтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 декабрь куни ўқитувчилар билан норасмий мулоқотида айтиб ўтди.
“Мана бугун таълим сифатини ошириш, янги дарсликлар масаласида гаплашамиз. Хўш, бу янги дарсликларни фарзандларимизга ким етказади? Албатта муаллим! Мен бекорга муаллимнинг обрўсини кўтариш ҳақида такрор-такрор гапирмайман. Бугунги глобаллашув даврида таълим, келажак авлод баркамоллиги қай даражада муҳимлигини янаям кучлироқ англаб етяпмиз.
Бугун ёшларимиз, болаларимизнинг ўзи “Бизга кечаги кун таълими керак эмас” деган талабни қўйишяпти. Ҳозирги ислоҳотларимизни реажалаштиряпмиз, катта-катта марраларни қўйяпмиз. Уларни айтиш осон, лекин бажариш азоб. Лекин ҳар қанча қийин бўлмасин биз фарзандларимиз учун бу ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишимиз шарт.
Бугунги интилувчи болалар келажакда сизнинг олтин фондингизга айланади. Уларнинг ютуқларидан фахрланасиз. “Мен жонажон ватаним учун қандай ҳисса қўшяпман?!” деган саволга жавоб ўз устимизда ишлашимиз ва фарзандларимиз камолоти бўлади.
Йилимиз номини ҳам таълимга боғлаганимиз бежиз эмас. Бу масала менинг доимий диққат марказимда бўлади. Маошларингизни оширдик, лекин бу билан тўхтаб қолмаймиз. Имкониятимиз бўлиши билан яна кўпайтирамиз”, дейди давлат раҳбари.
Президент қиз фарзандлар ва аёлларни ўқитиш кераклигини таъкидлади.
“Болаларни ким тарбия қилади? Албатта, аёллар. Шунинг учун биз қизларимизни, оналаримизни ўқитишимиз керак. Шунда жамиятни ўқитган бўламиз”, дейди у.
Давлат раҳбарининг билдиришича, келгуси йили таълимга оид ҳам кўплаб қарор, фармонлар чиқади. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун ипотека кредитлари камайтирилиши ҳам кўзда тутиляпти.
Президент жорий йилнинг 1 январидан 14 та ҳудудда тажриба тариқасида ўқитилиши бошланадиган янги дарсликларга тўхталиб, шундай дейди:
“Aлбатта, 20-30-40 йил давомида эскича дарс берган ўқитувчига янги дарсликларга ўтиш бироз оғир. Лекин бугун бу нарсани қилмасак, эртага ўзимиз кутган натижани ололмаймиз”.
LiveБарчаси