Малининг ҳарбий тўнтариш оқибатида президентликдан кетган собиқ раҳбари вафот этди
Олам
−
17 Январь 2022
27452020 йил август ойида ҳарбийлар томонидан президентликдан четлатилган Мали собиқ Президенти Иброҳим Бубакар Кейта кеча, 16 январь куни 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда сиёсатчининг оиласига таяниб, хабар берилган.
“Кейта якшанба куни эрталаб Бамакодаги (Мали пойтахти) уйида вафот этди", деган собиқ давлат раҳбарининг оила аъзоларидан бири.
Халқаро муносабатлар бўйича ўқиган Кейта 1980-йилларнинг ўрталарида Малининг сиёсий ҳаётига кирган. 1993 йил кузида у Мали Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган ва 1994 йил февраль ойида у Бош вазир лавозимига тайинланган ва 6 йил фаолият юритган. Кейта 2002 ва 2007 йилларда президентликка номзод сифатида сайловда иштирок этган, аммо мағлуб бўлган. Бироқ 2013 йилда у президентлик сайловида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган ва 2018 йилда президентликка қайта сайланган.
2020 йил 18 август куни Малида ҳарбий тўнтариш содир бўлган, мамлакат олий раҳбарияти, жумладан, Республика Президенти ҳибсга олинган. Ҳарбийлар босими остида Кейта 19 август куни истеъфога чиқишини, шунингдек, ҳукумат ва парламентни тарқатиб юборишини эълон қилган.
1 сентябрь куни кечқурун у зудлик билан Бамакодаги шифохонага ётқизилган. Кейта енгил шаклда инсульт бўлган. У 3 сентябрь куни шифохонадан чиқарилган. Икки кундан сўнг Бирлашган Араб Амирликларидан Бамакога келган шифокорлар гуруҳи бўлган самолёт бортида собиқ Президент Абу-Дабига учган. Чет элда даволанган Кейта 2020 йил 22 октябрда Малига қайтган. Ўшандан бери у Бамакодаги уйида яшаб келган.
LiveБарчаси