Шаҳзодаларни “илинтирган” аёллар
Таҳлил
−
21 Август
19986Қироллик оила аъзоларининг турмуш тарзи ҳамма учун бирдек қизиқ. Золушка-ю, Оппоғойларни кўриб катта бўлган ҳар бир қиз ҳеч қурса бир маротаба шаҳзодани учратиб қолиш ва унга турмушга чиқишни орзу қилган. Реал ҳаёт қонун-қоидаларига кўра эса шаҳзодалар қироллик оиласининг бошқа бир вакиласи билан турмуш қуради. Аммо қоидалар бузиш учун яратилган, деган нақлга амал қиладиган, ўз севгиси учун курашадиган шаҳзодалар ҳам йўқ эмас. Бугун қироллик аъзоси билан турмуш қуриб, оддий ҳаёт тарзидан зодагонлар орасига кириб борган аёллар ҳақида гаплашамиз.
Буюк Британия валиаҳд шаҳзодаси Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Миддлтон эртакни эслатувчи севги қиссаси билан машҳур. Икки ёш 2001 йилда университетда бирга ўқийди. Даставвал шаҳзода ва оддий талаба қиз ўртасида яхши дўстлик алоқалари ўрнатилади. Чуқурроқ муносабатлар эса орадан бир йил ўтиб мода намойиши сабаб бошланган. Кейт чиқиш пайтида 40 долларлик шаффоф либосда кўриниш беради. Шу куни шаҳзода Уильям ҳам томошабинлар орасида эди. Бу воқеа уларнинг муносабатларини ўзгартиради ва 2010 йилда унаштирув билан мустаҳкамланади. Шаҳзода Уильям Кениядаги дам олиш вақтида онасининг ёқут кўзли узуги билан Кейтнинг қўлини сўрайди ва 2011 йилда дабдабали тўй бўлиб ўтади. Бу 34 миллион доллар пул сарфланган тарихдаги энг дабдабали тўйлардан бири бўлган. Тўйни бутун дунё бўйлаб 3 миллиард одам томоша қилган. Ўша куни жуфтлик Кембриж герцоги ва герцогиняси расмий унвонларини олган.
Шаҳзодалар санъат соҳаси вакилаларини ёқтиради, чамамда, улар кўп ҳолларда актрисалар ва журналистларга ошиқ бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиз Кейт Миддлтон ҳам санъат тарихи дипломини олган. Шунингдек, Уильямнинг укаси шаҳзода Гарри ҳам актриса Меган Марклга уйланган. Турмуш қуришдан аввал Меган таниқли актриса бўлган. У қора танли ҳамда биринчи турмушидан ажрашганди. Бунинг устига, шаҳзодадан 3 ёшга катта эди. Шу сабабли ҳам Шаҳзода Гарри катта қаршиликларга дучор бўлди. Хусусан, унинг оила аъзолари қора танли аёлни қабул қилишни истамаган. Аммо 2017 йилда у бувиси Елизавета II ни рози қилишга муваффақ бўлди ҳамда дабдабали тўй маросими 2018 йилда бўлиб ўтди. Шундан сўнг ҳам норозиликлар тинмади. Хусусан, мамлакат аҳолиси янги маликани илиқ кутиб олмади. Гаррининг отаси Қирол Чарльз III эса ўғлидан онаси Елизаветта II нинг дафн маросимига Меганни олиб келмасликни сўрайди. Шундан сўнг, 2020 йилда жуфтлик қироллик унвонларидан воз кечди ва Америкага кўчиб кетди.
Навбатдаги шаҳзоданинг севги қиссаси эса бундан ҳам қизиқроқ. Испания қироли Филипп VI ўз маликасини телевизорда кўриб севиб қолади. Гап шундаки, Летисия Ортис исмли қиз 2002 йилга қадар халқаро журналист сифатида ишлаган. Бўлажак қирол эса уни янгиликлар дастурида кўради. Сўнгра журналист дўсти Педро Эркисиядан кечки овқат ташкиллаштиришни ва унга Летисияни таклиф қилишни сўрайди. Шу куни жуфтлик кўришади, аммо қиз шаҳзодага ўз рақамини берганига қарамай, улар бир неча ой учрашмайди. Ва ниҳоят, ушбу севги қиссаси ҳам бахтли якун билан тугайди. 2003 йил 1 ноябрда Испания қироллик оиласи шаҳзоданинг Летисия билан унаштирилганлигини эълон қилиб, мамлакатни ларзага солди. Аммо бу никоҳ ҳеч қачон содир бўлиши мумкин эмас эди: чунки Летисия нафақат оддий оила вакили, балки испан тожи учун ворис ҳисобланган қироллик қони бўлмаган биринчи аёл эди. Бунинг устига бу журналистнинг иккинчи турмуши бўлган. Шунга қарамай шаҳзода ўз севгиси учун курашди ва уни Испания қироличасига айлантирди.
Гламур моделликдан маликага айланишга нима дейсиз? Швеция маликаси Софиянинг ҳикояси худди шундай бўлган. Бир вақтлар у машҳур гламур модель эди. Аммо унинг ҳаёти 2010 йилда Швеция шаҳзодаси Карл Филипп билан учрашувдан сўнг ўзгариб кетди. Жуфтлик дўстлари орқали кўришишди ва тўрт йиллик учрашиб юришдан сўнг 2014 йилда унаштирилганлигини эълон қилди. 2015 йилда эса Стокголмдаги Қироллик саройи ибодатхонасида дабдабали никоҳ маросими ўтказилди. Шундай қилиб, юз йил ичида биринчи марта оддий Швеция фуқароси малика бўлди ва София Хелльквист Вармланд герцогиняси унвонини олди.
Иордания қироли эса Apple ходимасини ўз рафиқаси сифатида танлаган. Бутун умри давомида Рания ўз бизнесига эга бўлишни истаган оддий китобхон қиз эди. У қирол Абдулла II га турмушга чиқишидан олдин Apple’да ишлаган. Раниянинг эртаги 1993 йилда янги ҳамкасби уни шаҳзода Абдулланинг синглиси уюштирган кечки овқатга олиб борганида бошланган. Шу кеча гавжум хонада жуфтликнинг кўзлари тўқнашади. Кейинроқ қирол берган интервьюларидан бирида “мен буни ўша ердаёқ билдим, бу бир қарашда муҳаббат эди”, деб эслайди. Орадан 2 ой ўтиб, Рания Иордания маликасига айланади. Шундан буён жуфтлик бахтли ҳаёт кечирмоқда. Қирол Абдулла Иорданиянинг ҳозирги кунгача бир мартагина турмуш қурган ягона монархидир. Шунингдек, жуфтлик катта хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиб келади.
Спортчи қизларга кўнгил қўядиган шаҳзодалар ҳам топилади. Тасаввур қилинг, сиз бир мамлакатга мусобақада қатнашиш учун боряпсизу, шаҳзодани севиб қолиб, маликага айланяпсиз. Жанубий африкалик сузувчи Шарлин Виттсток Монако шаҳзодаси Альберт II ни Олимпия ўйинларида учратган. Гап шундаки, шаҳзода болалигидан спортга меҳр қўйган. Ўзи ҳам футбол, сузиш ва дзюдо билан шуғулланган, беш марта қишки Олимпия ўйинларида бобслейчи сифатида қатнашган. Ушбу ўйинлардан бирида – 2000 йил у Шарлин Виттстокни учратади. Аммо уларнинг севги қиссаси орадан нақ 6 йил ўтиб, бошқа бир Олимпия ўйинларида бошланган. Фақатгина 2011 йилга келиб жуфтлик турмуш қуришга қарор қилган. Бошқа қироллик оилалардан фарқли ўлароқ, Шарлин бу оилага келин бўлган ягона оддий одам эмас эди. Шаҳзоданинг онаси Грейс Келли ҳам Голливуд актрисаси бўлган.
Оддий қизларга уйланган шаҳзода-ю қиролларнинг рўйхатини ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Тарих шаҳзодаларнинг ўз севгилиси учун тахтдан воз кечган ҳолатларига ҳам кўп бор гувоҳ бўлган. Энг асосийси, улар орасида ажрашиш ҳолатлари жуда кам учрайди.
Бу видеони охиригача кўрганлар биз Ўзбекистонда яшаймиз, бу ерда қирол-у шаҳзодалар йўқ-ку, дейишингиз мумкин. Аммо ҳар бир аёл ўз турмуш ўртоғи учун малика, эркак эса қиролдир. Ҳаётингиз эртаклардагидек чиройли бўлсин.
LiveБарчаси