Мактабларга 46 триллион сўм ажратилади – Президент
Жамият
−
05 Февраль 2024 9579 2 дақиқа
Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Президентнинг маълум қилишича, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатган. 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди.
Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларнинг ярми ҳам “B1” даражага эга бўла олмаяпти.
Шунингдек, давлат раҳбарига кўра, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаяпти.
Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Ўтган йили Республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва катта илмий-амалий тажрибаси бор ва салоҳиятли кадрлар жамланди.
Марказ ва офисга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим вазирликлари билан биргаликда:
• мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;
• ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.
Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.
Live
Барчаси