Мактабларда янги лавозим жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ҳам ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда “Баркамол авлод” болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда “Ëшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида “Келажак” марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади. 

Мактаб маслаҳатчисининг лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади, менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб маслаҳатчиларига ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади. Мактабларда ўқувчиларнинг портфолио базаси шакллантириладиган erp.портфолио платформаси яратилади. У мактаб маслаҳатчилари томонидан юритилади ҳамда 2028-2029 ўқув йилидан мактаб шаҳодатномаларида қайд этилади.

Билдирилишича, сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етган. Бу қамровни ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган. Бунинг учун янги кўп қаватли уйлар қурилишида улардаги аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти ҳам бўлиши назарда тутилади. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади.

“Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, 2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади. Давлат раҳбари иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талабидан келиб чиқиб, техника ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва Давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда “Янги Ўзбекистон” университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади.

Маълумки, маънавий-тарбиявий ишлар таълимнинг бир қисми. Аммо ҳозирда таълим муассасаларида бундай тадбирларга турлича ёндашилиб келинмоқда. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришда яхлит тизим йўқ. Шу боис, болалар боғчасидан олий таълимгача қамраб олган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. У маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий режаси бўлади. Натижада бундай ишлар тартибли ва савияли ташкил этилиб, ўқувчилар ортиқча тадбирларга жалб этилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб маслаҳатчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг