Мактаблар учун имтиёзли интернет тарифлари берилади
Жамият
−
05 Апрель 2022
4409Янги ўқув йилидан бошлаб кичик мактабларда интернет тезлиги секундига 40 Мегабит, катта мактабларда эса камида 100 Мегабит бўлиши таъминланади, мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифлар тасдиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Шунингдек, йиғилишда намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорлик хати ва совғалар топшириб боришни тизимли йўлга қўйиш кераклиги, ҳар чоракда энг намунали ота-оналарни рағбатлантириб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш муҳимлиги айтилди.
Вилоят ҳокимларига юқори коэффициентли 120 та мактабда ўқиш шароитини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилди. Улар 1 августга қадар 960 та мактабни компьютер синфи билан таъминлаш, 740 тасини жиҳозлаш ишларини якунлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, 5,5 мингта компьютер синфларини янгилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бунга республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан ҳам 200 миллиард сўм йўналтирилади.
Мутасаддиларга янги ўқув йилидан бошлаб кичик мактабларда интернет тезлигини секундига 40 Мегабит, катта мактабларда эса камида 100 Мегабит бўлишини таъминлаш, мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифларни тасдиқлаш топширилди.
Бундан ташқари, мактаблардаги маънавиятчиларга талабларни қайта кўриб чиқиб, бу лавозимга маҳалла ва жамоада обрўси бор кадрлар билан тўлдириш кераклиги, мактабларда илм ва санъат вакиллари, зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари билан доимий учрашувларни ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Бунга ижтимоий тармоқлардаги мактаб ўқувчилари орасида обуначиси энг кўп бўлган машҳур санъаткор, спортчи, актёр, блогерларни ҳам фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
LiveБарчаси