Мактаб ошхоналарида нималарни тайёрлаш ва сотиш тақиқланган?

Жамият

image

Гамбургер, чизбургер, хот-дог, “кириешки”, “хрустяшки”, чипс, энергетик ва газланган ичимлик ва бошқаларни мактаб ошхоналарида сотиш тақиқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу турдаги маҳсулотларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилади. Қолаверса, улар Ўзбекистондаги умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат ва таомлар рўйхатига киритилган.

Хусусан, “Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари”га кўра, мактаб ошхоналарида қуйидаги маҳсулотлар тайёрланиши ва сотилиши мумкин эмас:

  • гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар);
  • сунъий таъм, ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолат маҳсулотлари;
  • сунъий консервантлари бўлган “кириешки”, “хрустяшки” ва чипслар, қурт, писта, донали уй шароитида тайёрланган шимиладиган ширинликлар;
  • рангли ва рангсиз газланган ичимликлар;
  • ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ, паррандалар; жигар, тил ва юракдан ташқари барча калла-почалар;
  • ташқи қавати тоза бўлмаган, синган, зарур талабларга жавоб бермайдиган тухумлар;
  • банкаларнинг герметиклиги бузилган, бомбажли, занглаган, шакли ўзгарган, ёрлиғи бўлмаган ва ишлаб чиқариш вақти ҳамда яроқлилик муддати белгиланмаган, айниқса, уй шароитида тайёрланган ҳар хил турдаги консервалар;
  • турли аралашмалар ёки омбордаги зараркунандалар билан зарарланган ёрма, ун, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотлар;
  • кремли қандолат маҳсулотлари (торт ва пишириқлар);
  • “холодец”, парранда ва туёқли ҳайвонлар оёғидан тайёрланган ҳамда калла гўшти рулетлари, ўпка-жигарли ва қондан қилинган колбасалар;
  • пастеризация қилинмаган (флягадаги) творог, термик ишлов берилмаган, идишда сақланган творог ва қаймоқ, қўлбола қатиқ, эпизоотик нохуш хўжаликлардан олинган, шунингдек дастлабки ишлов берилмаган ва пастеризация қилинмаган сут ва сут маҳсулотлари, қимиз ва таркибида этанол бўлган (0,5 фоиздан ортиқ) бошқа ачитилган сутли маҳсулотлар;
  • қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар;
  • квас;
  • хом дудланган гўштли гастрономик маҳсулотлар ва колбасалар, шу жумладан, қайнатилган колбаса;
  • сирка, хантал, хрен (ерқалампир), ўткир қалампир (қизил, қора) ва бошқа ўткир зираворлар;
  • ўткир таъмли соуслар, кетчуплар, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мевалар;
  • табиий қаҳва, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи энергетик ва алкоголь ичимликлар;
  • пазандалик мойлари, чўчқа ёғи, маргарин ва бошқа гидроген ёғлар;
  • данакли меваларнинг мағзи, сақич, мева ва резаворлардан тайёрланган яхна ичимликлар ва морслар (термик ишловсиз);
  • “окрошка” ва совуқ шўрвалар, ёғда қовурилган тухум, паштет, гўшт ва творогли қуймоқлар;
  • тез тайёрланадиган қуруқ озиқ-овқат концентратлари асосидаги биринчи ва иккинчи таомлар мактаб ошхоналарида бўлиши тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 4 сентябрь санасидан мактабларда ўқиш бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Мактаб ошхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар