Макроннинг қароридан сўнг Францияда яна тўполон бошланди
Олам
−
18 Апрель 2023
7234Франция Президенти Эммануэль Макрон халққа мурожаати чоғида пенсия ислоҳоти кузда кучга киришини айтди. Шу билан бирга, Президент жамият томонидан ислоҳот рад этилаётгани ва французларнинг ғазабини кўраётгани ҳамда бунга бефарқ қолмаслигини таъкидлади. Унинг нутқидан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида митинглар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Le Monde” хабар берди.
Манбага кўра, Парижда учта кортеж бўлиб ўтган, кўплаб одамлар уларга қозонлар билан келишган ва шовқун-сурон кўтаришган. Франция пойтахтидаги митингларда жами 2 мингга яқин одам йиғилди.
Ниццада эса 200 га яқин одам норозилик намойиши ўтказган, улар мерия биноси ёнидаги панжараларни бузиб ўтишга уринган. Намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўлланган. Реннда 700 га яқин одам шаҳар ҳокимиятига тўпланиб, улар ҳам қозонларни урган ҳолда шовқин-сурон кўтарган.
Митингга Марсель аҳолиси ҳам қўшилган, унда иштирокчилар сони беш юздан минггача етган. Ҳокимият кортежни тақиқлаган, бироқ одамлар барибир йиғилган, улар қўшиқ айтган ва рақсга тушган. Нантдаги норозилик акциясида эса 800 дан ортиқ француз иштирок этган. Лион, Руан, Гавр, Лилль ва бошқа шаҳарларда ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Маълумот учун, пенсия ислоҳоти Макроннинг асосий ташаббусларидан биридир. Унда 2030 йилгача эркаклар ва аёлларнинг пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб тўлиқ пенсия олиш учун суғурта бадалларини тўлаш, яъни 43 йил давомида расман ишлаган бўлиш керак бўлган қоида жорий этилади. Агар бундай иш стажи бўлмаса, 67 ёшда нафақага чиққандан кейин тўлиқ тўлов учун ариза бериш мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат ҳукумати жорий йилнинг январь ойида пенсия ислоҳоти лойиҳасини тақдим этганди. Март ойида қонун лойиҳаси аввалига парламентнинг юқори палатаси — Сенат томонидан маъқулланган, кейин эса қуйи палата – ассамблеянинг маъқуллашини четлаб ўтиб, ҳукумат томонидан қабул қилинган. Шу боис парламентда вазирлар маҳкамасига ишончсизлик вотуми бўйича иккита қарор илгари сурилди, бироқ уларнинг ҳеч бири керакли миқдордаги овозларни ололмади. Апрел ойида мамлакат Конституциявий кенгаши ислоҳотнинг Асосий қонунга мувофиқлигини тан олди, шундан сўнг Макрон пенсия ёшини оширишни тасдиқловчи ҳужжатни имзолади.
Французлар ислоҳотдан норозиликларини кўплаб ҳаракатларда билдирдилар. Бундай ҳаракатларнинг энг йириклари март ойида бўлиб ўтди. Масалан, 23 март куни, полиция маълумотларига кўра, намойишларда 1,1 миллионга яқин одам қатнашган; "Умумий меҳнат конфедерацияси" касаба уюшмалари эса 3,5 миллион намойишчилар қатнашганини билдирган.
LiveБарчаси