Макрон ва Стармер Украина бўйича режасини эълон қилди
Олам
−
11 Июль 3441 2 дақиқа
Кеча, 10 июль куни Украинада Россия ҳаво ҳужумлари кескин кучайган бир пайтда Ғарб давлатлари ўт очишни тўхтатишга эришиш ва урушдан вайрон бўлган бу мамлакатни қайта тиклашга тайёргарлик кўриш саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Бу ҳақда “Daily mail” хабар берди.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Франция Президенти Эммануэль Макрон “кўнгиллилар коалицияси” деб аталадиган бошқа давлатлар вакиллари билан видеоконференция чоғида Украинага Европа тинчликпарвар миссиясини жойлаштиришни режалаштириш якунланганини маълум қилди. Макрон мумкин бўлган контингент сонини айтди – 50 000 аскаргача.
Стармернинг айтишича, тинчликпарвар миссия бўйича аллақачон келишилган режалар Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим имзоланганидан кейин “бир неча соат ичида” амалга оширилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус “етук” ва “узоқ муддатга мўлжалланган”.
Бироқ ҳозирча Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш имконсиз кўринади.
Кир Стармер, шунингдек, Украинанинг Европадаги 30 та иттифоқчисини ўз ичига олган “кўнгиллилар коалицияси” аллақачон Парижда ўз штаб-квартирасини очганини маълум қилди. Бундан ташқари, Киевда мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилиши режалаштирилган. Штаб-квартира Франция ва Буюк Британия томонидан бошқарилади, улар барча тактик ва тезкор вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш учун жавобгар бўлади. Дастлабки ўн икки ойдан сўнг, “кўнгиллилар коалицияси” штаб-квартираси Лондонга кўчирилади.
Франция ва Буюк Британия ўт очишни тўхтатишга эришилса, улар Украинага жўнатилиши учун мавжуд қўшма тезкор кучларни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Ушбу ташаббус бошқа ҳамкор давлатларни ҳам қамраб олади. Германия эса шу пайтгача ушбу лойиҳада иштирок этишдан бош тортган.
Стармернинг сўзларига кўра, Ғарб иттифоқчилари энди асосий эътиборни “тинчликка тайёргарлик кўриш”га қаратиши керак. Бунга, унинг фикрича, “Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш” орқали эришиш мумкин ва бунинг учун “мувофиқлаштирилган босим” зарур.
Ўз навбатида, Макрон иттифоқчиларни “Россияга босимни кучайтиришга” чақириб, “Россия иқтисодиётига таъсирини ўзгартириши” мумкин бўлган чоралар зарурлигига ишора қилди. Макрон ва Стармер Франция раҳбарининг Буюк Британияга уч кунлик давлат ташрифининг сўнгги кунида “кўнгиллилар коалицияси” конференциясида иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 июль куни Римда бўлиб ўтаётган Украинани урушдан кейинги қайта тиклаш бўйича 4-халқаро конференция иштирокчилари Киевга ёрдам бериш учун 10 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратишга ваъда берганди.
Live
Барчаси