Макрон Ўзбекистон ва Қозоғистондан нима олиб кетди? Ташрифдан асл мақсад нима эди?
Таҳлил
−
03 Ноябрь 2023
11879Жорий ҳафтада Франция Президенти Эммануэль Макрон Марказий Осиёнинг икки йирик давлати, таъбир жоиз бўлса, уранга бой мамлакатлар – Қозоғистон ва Ўзбекистонга илк ташрифни амалга оширди. Бугун сиз билан ана шу ташриф ҳақида гаплашиб, Макроннинг икки қардош давлатга сафари қандай ўтганини кўриб чиқамиз.
1 ноябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига етиб келди. Остонада уни лайлакқор ва мамлакат Бош вазири Алихон Смоилов кутиб олди. Макроннинг сафарларида ва қабулларида доим унга ҳамроҳлик қиладиган ўқитувчиси ва рафиқаси – 70 яшар Брижит Макрон бу сафар унинг ёнида кўриниш бермади. Хўш, нега? Чунки, Макрон Қозоғистонга турмуш ўртоғи билан келса, сўзсиз Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам расмий учрашувларга турмуш ўртоғи билан қатнашишига тўғри келарди. Бироқ, Тўқаев бугунгача ҳеч қаерда турмуш ўртоғи билан кўриниш бермаган. Жамоатчилик эса, ҳатто, унинг хотини борлигига шубҳа билан қарай бошлаган.
Хуллас, Макрон Остонада катта ҳурмат ва илтифот билан кутиб олинди. Президент Тўқаев уни оғзидан бол томиб мақтади. Франция Европа Иттифоқидаги асосий ва ишончли ҳамкор экани, шунингдек, Қозоғистон иқтисодиётига энг йирик инвесторлардан бири эканини қайд этди.
Тўқаевнинг билдиришича, ўтган йили Франция билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, 4 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг саккиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошиб, 2,7 миллиард долларни ташкил этган. Франция Қозоғистон иқтисодиётига қарийб 18,7 миллиард доллар сармоя киритган. Энергетика, қурилиш, аэрокосмик, фармацевтика, тоғ-кон ва кимё саноати, машинасозлик каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мақтов ва илтифотлар навбати Макронга!
“Биз муҳим иқтисодий шерикмиз. Бундан ташқари, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим шартномаларни имзолашимизни қайд этмоқчиман. Яна бир бор таъкидлаб ўтишга ижозат бергайсиз, бугун сиз билан учрашиб, қўшма кун тартибимизни муҳокама қилишдан жуда мамнунман”, дейди Франция раҳбари.
У Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришда француз компанияларининг иштирокига таяниши мумкинлигини айтган.
“Қозоғистон Франция корхоналарининг Осиё ва Ўрта ер денгизи ўртасида янги логистика йўлаги яратиш лойиҳасида фаол иштирок этишига ишониши мумкин”, дейди Макрон.
Макрон Париж ва Остона стратегик ҳамкорликни ривожлантириш суръатларини тезлаштириши зарур, деган фикрни билдирган.
Қозоғистонда Франция капитали иштирокидаги 170 га яқин корхона, жумладан, Total, Airbus, Air Liquide каби йирик компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Франция компаниялари, хусусан, углеводород, қурилиш, уран, авиация, темирйўл ва агросаноат соҳаларида намоён бўлмоқда.
Эммануэль Макрон икки давлат орасида маданий-гуманитар алоқалар янада кенгайиш истагини ҳам билдирган. У Тўқаевни 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Тинчлик форумида иштирок этишга таклиф қилган.
Бундан ташқари, Макрон Тўқаевга икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлагани ва “Остона ва Париж ўртасидаги муносабатларни ҳаётий ҳолатда сақлаб қолгани” учун миннатдорлик билдирган.
Хўш, Марказий Осиёга Макрон келадию Россия ҳақида миқ этмай кетадими? Албатта, йўқ. Маълумки, Франция доимий равишда Россия ва Ғарб муносабатларини боғлашда муҳим даллол бўлиб келган. Россия-Украина можароси энди аланга олаётган, қуролли ҳаракатлар бошланмаган даврларни ёдга олинг: Макрон ўша вақтларда Путиннинг олдига серқатнов бўлиб қолганди. У қанчалик урушни, Путиннинг ҳаракатларини қораламасин, барибир Россиядан узоқ ва айро шаклдаги Ғарбни тасаввур қилолмайди. Буни Қозоғистонда ҳам тасдиқлади.
Франция раҳбари Остонага сафари давомида Нарикбоев номидаги Қозоғистон гуманитар юридик университети талабалари билан учрашиб, улар билан суҳбатда Европага Россия Федерацияси билан барқарор муносабатлар тизими керак, деб ҳисоблашини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Европадаги хавфсизлик архитектурасини кескинлашув ва можаролар асосида қуриш мумкин эмас.
“Россия географик жиҳатдан Европанинг бир қисмидир, шунинг учун биз ЕИ аъзолари, аъзо бўлмаган давлатлар ва Россия ўртасида барқарор муносабатлар тизимини яратишимиз керак”, дейди Макрон.
Франция раҳбарининг фикрича, Европа Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги қурол-яроғ масалалари бўйича мулоқотдан қочмаслиги керак.
Макроннинг ташрифида маданий тадбирлар ҳам унутилгани йўқ. Қозоғистон раҳбари уни “Этноаул” миллий кўргазмасига олиб борди. Меҳмонлар учун “Қозоқ кураши” миллий ўйини ва “асик ату” ўйини бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилган. Тўқаев Макронга машҳур миллий ўйин – “асик ату”, ўзбекча айтганда ошиқ-мошиқ ўйнашни кўрсатган.
Ғарб нашрлари Макрон Марказий Осиёга келмасиданоқ Франция энергия хавфсизлигини яхшилаш томон ҳаракат қилаётгани, Макрон Марказий Осиёдан уран олгани келаётгани ҳақида ёзган эди. Албатта, ташриф бўйича берилган расмий хабарларда айнан уран масаласи, Қозоғистон ё Ўзбекистон Францияга қанча уранни қачон сотиши мумкинлиги ҳақида миқ этилмаган.
Аммо Макрон Қозоғистондаги оммавий ахборот воситаларига берган баёнотида Қозоғистон ва Франция ўртасида стратегик фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияси имзоланганини қайд этди.
Нигерда ҳокимият ағдарилганидан сўнг, мамлакат Францияга уран ва олтин экспортини тўхтатганди. Нигер жаҳонда уран қазиб олиш бўйича еттинчи ўринда туради. Францияда электр энергияси учун ишлатиладиган ураннинг 15-17 фоизи Нигер ҳиссасига тўғри келарди. Мамлакатда ҳокимиятга келган кучларнинг эса Франция билан алоқалари ёмон.
Президентлар маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик муҳимлигини инобатга олиб, таълим ва фан соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар. Қосим-Жомарт Тўқаев француз мактабларини очиш, француз тилини ўргатиш, илмий алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутувчи келишувлар имзоланганини таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, низоларни тинч, дипломатик йўллар билан ҳал этишга чақирдилар.
Ташриф якуни бўйича Президентлар баёнот қабул қилди ва расмий делегациялар аъзолари томонидан 6 та ҳужжат имзоланди.
Шу тариқа Макроннинг Қозоғистонга сафари қариб, у 1 ноябрнинг ўзидаёқ Ўзбекистонга йўлга чиқди. Бу орада эса Президент Шавкат Мирзиёев уни кутиб олиш учун Самарқандга келиб турган эди.
Самарқанд халқаро аэропортида Франция Президентини Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Самарқандга тун чўкканига қарамай, Президентлар фурсатдан фойдаланиб норасмий учрашувларни бошлаб юборди. Макрон Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида тунги Самарқандни айланди, давлат раҳбарлари Регистон майдонига борди, Боқий шаҳар сайёҳлик марказида бўлиб, кечки овқатни бирга қилдилар. Шунингдек, Макрон шарафига театрлаштирилган дастур намойиш этилди.
2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бир неча кўчалар ёпилди. Фақатгина беморлар ва шошилинч тез тиббий ёрдамга зарурати бор фуқароларга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ходимларига ҳаракатланиш учун рухсат берилди. Шу куни Самарқандда халқаро Конгресс марказида Франция Президенти Эммануэль Макронни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимдан сўнг, Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу ташриф шуниси билан аҳамиятлики, Франция Президенти охирги 30 йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев эса охирги етти йилда икки марта Францияда меҳмон бўлди.
Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони каррасига, жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошгани, Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилаётгани айтилди.
Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидланган.
Сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистонда француз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани айтилган. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Делегациялар иштирокида ўтган учрашувда Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушгани ҳамда Тошкентда “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинди. Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Музокаралар якунида Президентлар Қўшма баёнот қабул қилди. Ҳужжатда икки давлатнинг ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти қайд этилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатига ҳамда турли соҳаларда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш истиқболларига баҳо берилган, томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиши тасдиқланган.
Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Шундан сўнг, Президентлар икки давлат ишбилармонлари иштирокида бизнес форумда қатнашди. Ўзбекистон Президенти бизнес форум икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий мулоқотни жадаллаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга қаратилгани билан айниқса аҳамиятли эканини таъкидлади.
“Янги Ўзбекистонда ишлаш учун франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ эканини, қандай фойдали қўшма лойиҳаларингиз бўлса, амалга оширишга доим тайёрлигимизни таъкидламоқчиман”, дейди Президент Мирзиёев.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам бизнес форум иштирокчиларига мурожаат қилди. У Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу сиёсат туфайли икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик учун катта имкониятлар очилганини қайд этди.
Бизнес форуми якунида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган келишувлар бўйича салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Президентлар ўртасидаги учрашувлардан эълон қилинган хабарларда Франциянинг Ўзбекистондан уран олиши бўйича аниқ месежлар берилмади. Аммо Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати томонидан тарқатилган бир хабар эътиборни тортади.
“Кооперациянинг яна бир муҳим йўналиши сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилди. Бу соҳада “Orano” компанияси билан шерикликни кенгайтириш режалари борлиги таъкидланди”, дейилади Президент Администрацияси томонидан эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Orano” компанияси раиси Клод Имовен билан учрашгани ҳам хабар қилинди.
“Orano” – уран ва ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг йирик компанияси, активлари қиймати 29 миллиард евродан ортиқни ташкил этади.
“Учрашувда геология-қидирув ишлари ва уран қазиб чиқариш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди”, дейилади хабарда.
Президентлар расмий тадбирларни якунлаб, Самарқанддаги халқаро Конгресс маркази ҳовлисида дўстлик рамзи сифатида кўчат экдилар, сўнг Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишдилар.
Давлат раҳбарлари Француз альянсининг Самарқанд шаҳридаги филиалига бориб, ушбу марказни очиб бердилар ва ўқувчи-ёшлар билан мулоқот қилдилар. Бу ерда француз тили ва адабиёти бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Марказ 200 нафаргача француз маданиятига қизиқувчиларни қабул қила олади.
Макроннинг Самарканддан кўнгил узиб кетиши қийин бўлди. У яна Самарқанддаги тарихий обидалар, Амир Темур даврига оид тарихий ёдгорликларни қарич-қарич кезди. Гўри Амирдан тортиб, Улуғбек расадхонасигача борди.
Президентлар яна Регистон мажмуасига бориб, у ерда ўзбекистонликлар ва хорижий меҳмонлар билан мулоқот қилдилар.
Шу тариқа, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ва Марказий Осиёга ташрифи якунланиб, Самарқанддан Парижга йўлга чиқди. Уни аэропортда кузатиб қолган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эса кўп ўтмай Туркий Давлатлар Ташкилотининг юбилей саммитида иштирок этиш учун Қозоғистоннинг Остона шаҳрига жўнаб кетди.
LiveБарчаси