Макрон Украинанинг зудлик билан ЕИга киришига қарши
Олам
−
31 Май 2023
9687Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина можароси тугаганидан кейин Европа Россия билан келажакдаги муносабатларини энг тинч ва содда йўл билан қуриши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у бугун, 31 май куни Братиславада (Словакия) бўлиб ўтган Globsec халқаро хавфсизлик конференциясида сўз очди.
“Европа мудофаа сиёсати НАТОнинг муҳим қисмидир. Бу узоқ муддатда ишончни мустаҳкамлашнинг ягона йўли. Биз европаликлар келажакда ўзимизни ҳимоя қилиш ва қўшниларимиз билан муносабатларни ўрнатиш қобилиятига эга бўлишимиз керак. Бизнинг географиямиз ўзгармайди, Россия ўша чегаралари билан Россия бўлиб қолади ва биз эртанги Россия билан энг тинч ва ҳеч қандай қийинчиликсиз бирга яшашимизга имкон берадиган маконни қуришимиз керак”, деган Макрон нутқида.
Шунингдек, Макрон Европада энергетика, технология ва ҳарбий соҳада кўпроқ суверен имкониятларни яратиш тарафдори эканини билдирган. Франция раҳбари 2022 йилнинг март ойида Версалда Европа Иттифоқи саммитида эришилган бу борадаги келишувларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирган.
Бундан ташқари, Макрон янги давлатлар, жумладан, Украинани Европа Иттифоқига дастлабки ислоҳотларсиз зудлик билан киритиш хато бўлишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи янги аъзоларни қабул қилишдан олдин, улар ўзининг бошқарув усулларини қайта кўриб чиқиши, шунингдек, янги форматларни яратиши керак.
“Европа Иттифоқининг кенгайиши бизнинг бурчимиз ва геосиёсий манфаатларимиздир. Лекин Молдова, Украина ва Болқон давлатларини зудлик билан Европа Иттифоқига киритишимиз керак, дейиш хато бўлади. Чунки кейин қандай ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини ўйлаш керак. Бу ёндашув фалокатга олиб келади, чунки биз Европани заифлаштирамиз. Европа Иттифоқига қўшилиши керак бўлган Шарқий Болқон мамлакатлари, Молдова ва Украинанинг адолатли умидларини қондириш ва геосиёсий самарадорликни сақлаб қолишнинг ягона йўли уларнинг баъзи ислоҳотларни амалга оширишидир”, деган Франция етакчиси.
Маълумот учун, Албания, Шимолий Македония, Сербия, Туркия ва Черногория Европа Иттифоқига аъзоликка расмий номзодлар саналади. Туркия Европа Иттифоқига кириш бўйича энг узоқ музокарачи бўлган. У 2005 йилдан, Черногория 2010 йилдан бери номзод мақомида. 2022 йилда Украина ва Молдова Европа Иттифоқига кириш учун номзодлар мақомини олган. Бироқ ушбу мамлакатларнинг ҳеч бирида ЕИга қабул қилиниш учун қатъий муддатлар йўқ.
LiveБарчаси