Макрон Рим папасидан Путинга таъсир ўтказишни сўради
Олам
−
25 Октябрь 2022
3978Франция Президенти Эммануэль Макрон Рим папаси Францискдан Украина инқирозининг якунини яқинлаштириш учун Россия Президенти Владимир Путин ва Патриарх Кириллга қўнғироқ қилишни сўради. Бу ҳақда бугун, 25 октябрь куни “Le Point” журнали хабар берди.
Нашрнинг таъкидлашича, кеча, 24 октябрь куни “55 дақиқалик суҳбат давомида Макрон понтификдан Президент Путин, патриарх Кирилл, шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байденга қўнғироқ қилишни сўради”. Журналга кўра, Макрон Францискни “Украинада тинчлик ўрнатишга” ундаган.
Макроннинг сўзларига кўра, Франциск Байденни Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга, шунингдек, Гаитидаги инқирозни ҳал қилишга чақириши мумкин, дея таъкидлайди “Le Point”.
Рим папаси Франциск Макронни 24 октябрь куни қабул қилди. Бу Франция раҳбарининг понтифик билан учинчи учрашувидир. Улар совғалар алмашишди. Хусусан, Рим-католик черкови раҳбари Макронга папалик ҳужжатлари ва авлиё Пётр тасвири туширилган бронза медалини топширди. Қайд этилишича, Франция Президенти понтификга немис файласуфи Иммануел Кантнинг “Абадий тинчлик сари” асарининг нодир нашрини совға қилган.
Макрон шунингдек, Ватикан давлат котиби кардинал Пьетро Паролин ва давлатлар билан алоқалар бўйича котиб архиепископ Пол Ричард Галлагер билан ҳам учрашди, дейилади Муқаддас Тахтнинг душанба куни эълон қилинган баёнотида.
Аввалроқ Римда Франция Президенти Италиянинг янги Бош вазири Жорж Мелони билан учрашган эди. Якшанба куни Франция раҳбари Авлиё Эгидий католик жамоати томонидан ташкил этилган “Дунёга чақириқ” халқаро форумида нутқ сўзлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь