Макрон Путин ва Байденни саммит ўтказишга кўндирди
Олам
−
21 Февраль 2022
7264Кеча, 20 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Жо Байденга икки томонлама саммит ўтказишни таклиф қилди. Томонлар таклифни қабул қилган. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни Елисей саройи тарқатган хабарда айтилган.
“У (Макрон – таҳр.) Президент Байден ва Президент Путин ўртасида, сўнгра Европада хавфсизлик ва стратегик барқарорлик бўйича барча манфаатдор томонлар билан саммит ўтказишни таклиф қилди. Президентлар Байден ва Путин бундай саммит тамойилини қабул қилишди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, саммит “Россия Украинага бостириб кирмаса” ўтказилади. Россия бундай эскалация режаларини қатъиян рад этади.
Елисей саройининг билдиришича, саммит кун тартиби АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан 24 февраль куни хавфсизлик кафолатлари бўйича ўтказиладиган йиғилишда тайёрланади.
Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинларини Украина билан чегарага жойлаштириши ортидан Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари Москвани урушга тайёргарликда айблаб келмоқда. Кремль эса бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Шу билан бирга, Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар - тан олинмаган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари жорий йилнинг 18 февраль куни аҳолини Россияга эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган.
Украина таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатида бўлган икки ҳудуд жорий йилнинг 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Донбассга ҳужум қилганини рўкач қилиб, Киевни айбламоқда. Аммо, расмий Киев ЛХР ва ДХР томонидан Украина ҳудудига 60 маротаба ўқ узилганини айтмоқда. Ҳатто, баъзи ҳужумлар оғир артиллериялар ёрдамида уюштирилгани маълум қилинган.
Расмий Киев ЛХР ва ДХРни Россия ҳужумга ўтиши учун баҳона яратиш мақсадида, Украина уларга биринчи ўт очгани ҳақидаги ёлғон хабарларни тарқатишда айблаган.
ЛХР ва ДХР ҳужум бошлангани ортидан ўз фуқароларини Россия ҳудудига эвакуация қила бошлаган.
LiveБарчаси