Махачқалъадаги портлаш: 35 кишининг умрига зомин бўлган ёнғинга нима сабаб бўлди?
Олам
−
16 Август 2023
7318Доғистонда Махачқалъа чеккасидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинида содир бўлган портлаш юзасидан Россия Тергов қўмитасининг Бош тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов давом этмоқда. Бу ҳақда РГ хабар берди.
Айтилишича, ҳозирда бир нечта версиялар кўриб чиқилмоқда. Улардан бирига кўра ёнғинга хавфли хусусиятларга эга бўлган агрокимёвий моддаларни сақлаш қоидалари бузилиши сабаб бўлган. Доғистон Тергов қўмитаси воқеа сабаблари бўйича якуний хулосани тергов ҳаракатлари ва тайинланган экспертиза натижалари кўрсатишини маълум қилган.
Ҳозиргача нималар маълум?
Махачқалъада тадбиркор автосервис ҳудудида омбор яратиб, у ерда юз тоннага яқин аммиакли селитра сақлаган. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда ёнғин келиб чиққан ва селитра портлаб кетган. Катта портлаш оқибатида ёнғин ёқилғи қуйиш шохобчаси ва яқин атрофдаги биноларга тарқалган. Тадбиркор аллақачон терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда.
Аввалроқ портлаш ёқилғи қуйиш шохобчасининг ўзида содир бўлгани тахмин қилинган. Маълум бўлишича, унинг эгаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қонуний кўрсатмаларини ўз вақтида бажармагани учун бир неча бор жаримага тортилган. Бироқ ёқилғи қуйиш шохобчаси раҳбари Ибрагим Шамхалов барча қонунбузарликлар бартараф этилганини айтган.
“Акс ҳолда ёқилғи қуйиш шохобчаси аллақачон ёпилган бўларди”, дея таъкидлаган Шамхалов.
Доғистон ёқилғи қуйиш шохобчалари уюшмаси раҳбари Юсуп Чарабураевнинг айтишича, унинг ташкилоти тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. У портлаш дастлаб ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлмаганини айтиб, бунинг сабабларини тушунтирган.
“Ҳодисадан кейин тарқалган видеода ёқилғи қуйиш шохобчасидаги баклар бутунлиги кўриниб турибди, бу ёқилғи қуйиш шохобчасида портлаш йўқлигидан далолат беради. Терговчиларнинг қайд этишича, 14 август куни техник хизмат кўрсатиш шохобчаси биносида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш вақтида ёнғин содир бўлган. Шундан сўнг ёнғин қўшни хонага ўтган, унда дастлабки маълумотларга кўра, тез ёнувчи ўғит сақланган, оқибатда портлаш содир бўлган”, дейди Чарабураев.
Жабрланганганларга қандай ёрдам кўрсатилди?
Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун, 16 август ҳолатига кўра ўлимлар сони ошмагани, улар ҳануз 35 кишини ташкил қилишини билдирган. Бироқ айримларнинг жасадлари ҳозирча аниқланмаган.
“Республика тиббиёт муассасаларида қолаётган беморларнинг ҳаёти хавф остида эмас, барча зарур ёрдамлар тўлиқ кўрсатилмоқда. Дори-дармон ва шифохона ўринлари тақчил эмас, жабрланганларга психологик ёрдам ҳам кўрсатилмоқда”, дейди республика соғлиқни сақлаш вазири Татьяна Беляева.
Таъкидланишича, ҳозирда 47 киши шифохоналарда қолмоқда. Кеча, 15 август куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ил-76 самолётида аҳволи оғир бўлган 16 нафар жабрланувчи Москвадаги тиббиёт марказларига, жумладан, Склифосовский номидаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий-тадқиқот институти ҳамда Шошилинч болалар жарроҳлиги ва травматологияси илмий-тадқиқот институтига етказилган.
Доғистон ҳукумати қурбонлар оилаларига барча зарур ёрдам кўрсатилишини маълум қилган. Айтилишича, қурбонларнинг оилалари бир миллион рублдан, оғир жароҳат олганлар – 400 минг рублдан, камроқ жароҳат олганлар – 200 минг рублдан пул олади.
Оддий доғистонликлар ҳам четда турмаган. Бир кундан камроқ вақт ичида хайрия майдончасида қурбонлар учун коллекция очилган, махсус ҳисоб рақамига 25 миллион рублга яқин маблағ тушган. 30 мингга яқин одам имкони борича пул ўтказган. Билдирилишича, маблағлар жабрланганлар ва қурбонларнинг оилаларига ёрдам бериш учун юборилади.
Фожиавий портлашдан сўнг прокуратура Доғистондаги ёқилғи қуйиш шохобчаларини текширишни бошлаган. Бундай буйруқни Россия Бош прокурори Игорь Краснов берган. Маълумотларга кўра, ҳудуд аҳолиси узоқ вақтдан бери шаҳар марказида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаларини йўқ қилишни талаб қилиб келган. Чунки уларнинг кўпчилик пиёдалар йўлакларидан бир неча метр узоқликда, турар-жой бинолари атиги 15-20 метр масофада жойлашган. Бунинг оқибатида айрим жойларда пиёдалар ёқилғи қуйиш шохобчаларидан ўтишга мажбур бўлиб келган.
Эслатиб ўтамиз, 15 август республикада мотам куни деб эълон қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса Россия етакчиси Владимир Путинга ҳамдардлик телеграммасини йўллаганди.
LiveБарчаси