МАГАТЭ Украинанинг илтимосини ерда қолдирмоқчи эмас
Олам
−
31 Август 2022
6422Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Запорожье АЭСда доимий миссия ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда агентлик раҳбари Рафаэль Гросси маълум қилди, деб хабар бермоқда “Reuters”.
“Бу мен қилмоқчи бўлган энг муҳим ишлардан бири ва мен буни бажараман”, дейди МАГАТЭ раҳбари миссияни станЦияга жўнатишдан олдин.
Унинг таъкидлашича, миссия "олти ойлик қизғин ҳаракатлардан сўнг ниҳоят АЭСга бормоқда" ва станцияда "бир неча кун" ўтказишни режалаштирмоқда.
“Бизнинг олдимизда жуда муҳим вазифа турибди – у ердаги реал вазиятни баҳолаш ва уни барқарорлаштиришга ёрдам бериш. Биз уруш зонасига, босиб олинган ҳудудларга кетяпмиз, бу нафақат Россия Федерацияси, балки Украинадан ҳам аниқ кафолатларни талаб қилади. Биз кафолатларни олишга муваффақ бўлдик”, дея қўшимча қилган Гросси.
Айтиш жоизки, кеча, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. Бугун, 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олди.
Маълумот ўрнида, Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица расмий Киев ваколатли Украина органлари атом иншооти устидан тўлиқ назоратни тикламагунча, МАГАТЭни ўз мутахассисларининг доимий АЭСда бўлишини кўриб чиқишга чақирганди.
Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.
Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь