Венесуэла Мадуронинг рақибини тутиб берганга 100 минг доллар ваъда қилди
Олам
−
04 Январь
3184Венесуэла ҳукумати мухолифат етакчиларидан бири Эдмундо Гонсалес Уррутиани ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилди. 2 январь куни Венесуэла полициясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 2024 йилги сайловларда мамлакат раҳбари Николас Мадуро билан рақобатлашган мухолифатчи сиёсатчининг сурати “Қидирувда” ёзуви билан пайдо бўлди.
"Боливар республикасининг барча аэропортлари ва полиция бўлимларида худди шундай ёзув билан Гонсалеснинг портрети осиб қўйилган", деб хабар берди AFP.
Аввалроқ Гонсалес Европадан Аргентинага учиб кетганди. Аргентина Президенти Хавьер Майли венесуэлалик сиёсатчини бугун, 4 январь куни қабул қилиши кутилмоқда.
Гонсалес Аргентинада яшовчи ватандошларини Буенос-Айреснинг марказий майдонида намойишга чиқишга чақирди. 10 январда эса Мадуро инаугурацияси куни мухолифатчи амалдаги давлат раҳбари ўрнига қасамёд қилмоқчи.
Қайд этиш жоиз, Венесуэлада президентлик сайловлари 2024 йил 28 июль куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукуматига содиқ сайлов комиссияси 51,2 фоиз овоз билан мамлакатни 2013 йилдан бери икки муддат бошқариб келаётган Николас Мадуронинг ғалабасини эълон қилди. Халқаро кузатувчиларга сайловга киришга рухсат берилмаган. Мухолифат АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган номзод Эдмундо Гонсалес ғалаба қозонганини эълон қилди.
Бутун мамлакат бўйлаб баҳсли сайлов натижаларига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишлар чоғида 28 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши яраланди, икки мингдан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди.
Сентябрь ойи бошида Венесуэлада мухолифатдан энг юқори ҳукумат лавозимига номзодни ҳокимиятни тортиб олиш, исёнга ундаш, фитна ва қўпорувчилик айблари билан ҳибсга олиш ордери чиқарилгани маълум бўлди. Бир неча кундан кейин Гонсалес Испанияга учиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана сўради.
Европа Иттифоқи овоз беришнинг расмий натижаларини ишончли деб тан олишдан бош тортди ва Венесуэлада мухолифатни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Октябрь ойи охирида Европа Иттифоқи Венесуэла мухолифати етакчилари – Мария Корина Мачадо ва унинг иттифоқчиси Эдмундо Гонсалесга “Фикр эркинлиги учун” мукофотини топширди. Бир ой ўтгач, Қўшма Штатлар Гонсалесни Жанубий Америка мамлакатининг сайланган президенти сифатида тан олди.
LiveБарчаси
07 Январь