Мадина Мухторова прокуратурадан шифохона видеоёзувларини текширишни сўрамоқда
Жамият
−
04 Январь 2020
14150Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ташаббуси билан бугун, 4 январь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторова ва унинг ўғилларига оид иш юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Мухторова прокуратурадан шифохонадаги ёзувларни текширишни сўради.
У сўзини бошлашдан аввал саволлар кўплиги, уларга ойдинлик киритишга тайёрлигини, аммо блогер ва журналистларнинг саволларига ёлғиз жавоб бериши қийинлигини айтди.
“Мана мен сизларнинг ҳузурингиздаман. Сизларга катта раҳмат. Менинг болам учун жон куйдираётганингиз учун раҳмат. Қариндошлар бўйича берилган саволга келсак, мен ўшандан сўнг эшигимни беркитиб олдим. Улар ҳаммани йиғиб келибди. Ҳаммани қўзғатган мен эмас, ўша. Ундан сўрайсизлар. Унинг уйига ҳам бордим. Телефонига туша олмадим”, дея таъкидлади Мадина Мухторова.
Актрисанинг бу сўзларига йиғилганлар томонидан кўплаб эътирозлар билдирилди. Актрисага шифохонада қўлга олингани ва қариндошлари масаласида саволлар берилди.
“Боланинг руҳиятига таъсир қилди. Боламга телефон қилдим, қаердалигини сўрадим. У қўрққаётганини, эшик тақиллаётганини айтди. Келиб ёрдам беришимни айтди. Улар кейин “қўшимчалар”и билан етиб келди. Блогерлар билан етиб келди. Мен эшикни очмадим. Агар ўша қариндошим менга шунчалик яқин бўлганида эшикни очардим, ичкарига киргизардим. Кира олмаганидан кейин “подъезд”им тагида интервью берди”.
Актриса шунингдек қариндошининг муттасил саволлари ва шифохонада қўлга олингани бўйича гап-сўзларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Касалхонага у (қариндошим) олиб бормади. Бориб суриштирингиз мумкин. Мен бир йил олдин ҳам шифохонага олиб борганман. Ўша вақтларда (бир йил олдин) ундан боламга ёрдам беришини сўраганман. Чунки тинмай сўраб туради-да. “Нима қиляпсиз, қаердасиз, нимага телевизорга чиқмаяпсиз, нимага кинода йўқсиз?” деган саволлар кўп бераверарди. Ҳаммасини билади-да, кейин кинога таклиф қилишса, ўша кино йўқ бўлади. Телевизорга таклиф қилишгани, қайси рол берилишини айтсам, ўша рол йўқ бўлиб қолади.
Мени касалхонада қўлим боғланиб олиб кетилгани ҳақида айтибди. Мана прокуратура ходимлари! Уларга илтимосим бор. Шунақа оломонни безовта бўлишига сабаб бўлаётган бўлса, бориб текширишсин. Агар мен шифохонада қўлга олинган бўлсам, бориб текширинглар. Видеоёзувлар бордир. Жойини, вақтини аниқлаштириб кўриб чиқинглар”, дейди Мадина Мухторова прокуратура ходимларига қарата.
Эслатиб ўтамиз, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.
LiveБарчаси