Маҳкумнинг колонияда ўлгани ортидан жиноий иш очиладими? БП баёнот берди

Жамият

image
Тезкор: Навоийдаги колониядан эркак кишининг ўлиги чиққани айтилмоқда. ИИВ муносабат билдирди north_east

Тезкор: Навоийдаги колониядан эркак кишининг ўлиги чиққани айтилмоқда. ИИВ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)да қийноққа солинган маҳкум Ф.Хидиров вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳолат бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот хизмати расмий баёнот берди ва маҳкумнинг ўлими юзасидан жиноят иши очилмаслигини маълум қилди.

Аниқланишича, маҳкум Хидиров Фаррух Анварович жорий йилнинг 3 июнь куни Навоий вилоятида жойлашган 11-сон жазони ижро этиш колониясидан даволаниш учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Маҳкумлар учун ихтисослаштирилган шифохонасига келтирилиб, сил касалликлар бўлинмасига даволаниш учун жойлаштирилган.

Жорий йилнинг 18 июнь куни соат 05:45 да шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай у вафот этган.

Маҳкум Ф.Хидиров 1975 йил 27 ноябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида туғилган. Муқаддам тўрт маротаба судланган.

Сўнгги, яъни 5-маротаба 2010 йил 18 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, ўта хавфли рецидивист деб топилган. 

Шифокорларнинг берган тиббий хулосасига кўра, марҳум маҳкум Ф.Хидиров иккала ўпка яллиғланган сили, сурункали вирусли гепатит (С), ўпка юрак етишмовчилиги ҳамда бошқа бир қатор инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлган касалликларга чалинган бўлиб, уларнинг аксарияти унинг саломатлигига бир мунча аввалроқ жиддий салбий таъсир ўтказиб юборган.

Хусусан, унинг шифохонада вафотига юқорида кўрсатиб ўтилган инсон ҳаёти учун ўта хавфли касалликларнинг сурункали кучайиши оқибатида юзага келган асоратлар сабаб бўлган.

Маҳкум Ф.Хидировнинг ўлими ҳолати юзасидан Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, унинг вафот этганлиги ҳолатида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 26 июнь куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Навоийдаги колонияда маҳкумнинг вафот этгани бўйича ИИВдан изоҳ олганди. Вазирлик видеотасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

колония маҳкум

Баҳолаганлар

860

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг