Маҳкумларни жазони ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш тартиби бекор қилинади
Жамият
−
22 Март 2021
10076Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаати ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 23 ва 30-бандларида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланган:
биринчидан, жазони ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилларини кенг тадбиқ этиш;
иккинчидан, жазони ижро этиш тизими очиқлиги ва шаффофлиги устидан жамоатчилик назорати ролини ошириш;
учинчидан, маҳкумларни аҳлоқан қайта тарбиялаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-психологик ва тарбиявий иш самарадорлигини ошириш;
тўртинчидан, маҳкумларнинг ҳуқуқлари доирасини кенгайтириш
ва уларнинг озодликка чиққанидан сўнг нафақа таъминоти кафолатларини кучайтириш.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Жиноят, Жиноят-ижроия ва Солиқ кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади.
Жумладан:
биринчидан, маҳкумларни жазосини енгилроғи билан алмаштириш ёки жазодан шартли озод қилишга тақдим этувчи Инсонпарварлик комиссиясини ташкил этилиши, комиссия ваколатлари, асосий вазифалари, фаолияти
ва таркибини белгилаш;
иккинчидан, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни жазодан озод этилганидан сўнг пенсия таъминоти кафолатини кучайтириш мақсадида маҳкумларга ягона ижтимоий солиқни ҳар ойда ихтиёрий равишда тўлаб бориш ҳуқуқини тақдим этиш;
учинчидан, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни жазони ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш тартибини бекор қилиш;
тўртинчидан, маҳкумлар жазосини енгилроғи билан алмаштириш тартибига ўзгартириш киритиш.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши:
биринчидан, халқаро стандарт ва илғор хорижий тажрибани миллий хусусиятлар ҳамда шароитни ҳисобга олган ҳолда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигига имплементация қилиш орқали қонунчиликни янада такомиллаштирилишини;
иккинчидан, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг асосий тамойилларини мустаҳкамлаш, маҳкумларни аҳлоқан тузатишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доирасини кенгайтирилишини;
учинчидан, жазони ижро этиш тизими очиқлиги ва шаффофлиги устидан жамоатчилик назорати ролини такомиллаштирилишини;
тўртинчидан, маҳкумларда қонунга итоаткор хулқни шакллантириш ва улар томонидан жиноятлар содир этилишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги ошишини таъминлайди.
Лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.
LiveБарчаси