Маҳалла раисини сайлаш муддати узайтирилмоқда
Жамият
−
10 Февраль 2021
10922Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратиш, шунингдек, фуқаролар йиғини раисини сайлаш муддатини узайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратишга ҳамда бевосита сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 22 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Лойиҳада фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича яшовчи фуқаролар томонидан беш йил муддатга бевосита сайланиши, сайлов фуқаролар вакилларининг йиғилиши тарзида ўтказилганида, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида йигирма фоизини ташкил этиши лозимлиги белгиланмоқда. Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини бериш туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ваколатига ўтказилмоқда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг сайловдаги ўрни ҳамда такрорий овоз беришни ўтказиш ва бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказишнинг аниқ тартиби ва муддатлари белгиланмоқда.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳнинг миқдор таркиби ҳамда ваколатлари аниқлаштирилмоқда, хусусан, овоз бериш биноларини жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти ишчи гуруҳ зиммасига юклатилмоқда.
Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этувчи кузатувчиларнинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда ҳамда фуқаролар йиғини раисини кун давомида сайлаш тартиби жорий этилмоқда.
LiveБарчаси