“Лукашенко ўзининг муаммолари билан шуғуллансин”. Тошкент “Батька”га жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг расмий доираларидаги манба Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши зарурлиги ҳақидаги тавсиясига муносабат билдириб, республика ўз миллий ривожланиш стратегиясига эга эканлигини айтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Бир қатор масъулиятсиз баёнотлар ҳар икки давлатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида эришилган давлатлараро муносабатларнинг руҳи ва даражасига мос келмайди. Ҳурматли Александр Григорьевич, биринчи навбатда, ўзининг оғир ички ва ташқи муаммолари билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ бўларди”, деган агентлик суҳбатдоши Лукашенконинг баёнотини изоҳлар экан.

Унга кўра, Лукашенко бошқа давлатлардаги вазиятга баҳо бермаслиги ва уларнинг ташқи сиёсатига изоҳ бермаслиги керак.

“Ўзбекистон мустақил суверен давлат сифатида ўз келажагини аниқ тасаввур қилади ва фақат халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг миллий ривожланиш стратегияси йўлидан боришда давом этади”, дея қўшимча қилган агентлик суҳбатдоши.

Аввалроқ Лукашенко россиялик журналист Владимир Соловьёвга берган интервюсида Ўзбекистон иқтисодий зарурат туфайли Россия ва Беларуснинг Иттифоқ давлати таркибига кириши мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Лукашенко Қозоғистонда январь бошида юз берган ҳодисалардан қўшни Ўзбекистон ҳам ўзига етарлича сабоқ чиқариб олиши кераклиги ҳақида фикр билдирган эди.

Унинг сўзларига жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳар қандай ташқи таҳдидларга қарши муносиб жавоб қайтара олишини маълум қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

693

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг