Лукашенко муддатидан олдин Президент сайловини ўтказиш шартини айтди
Олам
−
03 Декабрь 2021
6397Беларусда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Президенти Александр Лукашенко РИА Новостига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Президентлик сайловларининг муддатидан аввал ўтказилиши мамлакат янги Конституциясининг қабул қилинишига боғлиқ.
Ҳозирда Беларусда янги таҳрирдаги асосий қонун устида иш олиб борилмоқда, бу масала бўйича референдум 2022 йил февралидан кечиктирмай ўтказилади. Ундан олдин жамоатчилик муҳокамаси бўлиши режалаштирилмоқда.
“Сайловлар узоғи билан ўз вақтида ўтказилади, балки муддатидан олдин ҳам бўлиши мумкин. Президент бундай қарорни Конституцияда белгиланган сайлов ўтказиш даври қоидаларига асосан қабул қилиши мумкин”, дейди Лукашенко.
Бироқ у президентлик сайловларининг келаси ёзда ўтказилиши эҳтимолига шубҳа билан қарайди.
“Йўқ, йўқ, куриниб турибдики. Президентлик сайловларига ҳали уч-тўрт йил вақт бор”, дея келаси йил сайлов ўтказилишини инкор қилган Беларусь раҳбари.
Умуман олганда, у янги Конституция қабул қилингандан сўнг барча давлат органларига, шу жумладан, Бутунбеларусь Халқ Ассамблеясига сайловлар ўтказилиши кераклигини айтди. Уларнинг конституциявий мақоми мамлакатда янги асосий қонун асосида мустаҳкамланиши режалаштирилган.
Беларусь МСК сайтидаги тақвимга кўра, Беларусда навбатдаги президентлик сайловлари 2025 йил 20 июлдан кечиктирмай ўтказилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 9 августда ўтказилган сайловда Александр Лукашенко 80,08 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди. Президентлик сайловидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари авж олиб кетди. Намойишчилар ҳукуматни сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблаб, янги сайлов ўтказишни талаб қилди.
Достон Искандаров
LiveБарчаси