Лукашенко қаматган Колесникова оғир аҳволда шифохонага ётқизилди
Олам
−
30 Ноябрь 2022
5335Беларусдаги норозилик ҳаракати етакчиларидан бири, ҳибсда сақланаётган Мария Колесникова Гомел шаҳридаги клиниканинг реанимация бўлимига ётқизилди. Колесникованинг шифохонага ётқизилиши сабаблари номаълум. Бу ҳақда кеча, 29 ноябрь қамоқдаги беларуслик сиёсатчи Виктор Бабариконинг Telegram канали хабар берди.
“Reuters” агентлиги Колесникованинг қаердалигини ҳозирча мустақил равишда тасдиқлай олмади. Хабарда айтилишича, у 28 ноябрь куни шифохонага олиб кетилган.
Кейинроқ Колесникованинг синглиси Татьяна Хомич ўзининг Facebook’ида мухолифатчи жарроҳлик патологияси билан шифохонага олиб кетилгани ва 28 ноябрь куни операция қилингани ҳақида маълум қилди.
“Даҳшатли янгилик. Бизнинг азиз Маша (Мария), барчамиз сиз билан ҳамма нарса яхши бўлишига умид қиламиз!” деб ёзди Беларусь мухолифатининг сургундаги етакчиси Светлана Тихановская Telegram’да.
2020 йилда Лукашенкога қарши оммавий намойишлар етакчиларидан бири бўлган Колесникова тартибсизликларда иштирок этиш бўйича сохта айбловлар қўйилиб, 11 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. 40 ёшли Колесникова яқинда қамоқхонанинг жазо камерасида ушлаб турилган, бироқ қанча вақт жазо камерасида бўлгани номаълум.
Колесникова Бабарико 2020 йилги президентлик сайловларида Лукашенкога қарши курашмоқчи бўлганида унинг президентлик кампаниясини бошқарган.
Сайловлар арафасида Бабарико ҳибсга олинганидан сўнг, Колесникова Тихановскаяни қўллаб-қувватлади.