Луғатимиздаги янги сўз – антитана. У нима?
Саломатлик
−
03 Сентябрь 2020
11328Пандемия даврида луғатимиз турли янги сўзлар билан бойиди. Антитаналар сўзи ҳам одамлар орасида кўп ишлатилмоқда. Антитаналар ўзи нима? Улар такроран касалланмаслик учун кафолат бўла оладими?
Олимлар COVID-19 билан касалланган беморлар қонида инфекцияни тўхтатиш илинжида пайдо бўлган 250 хилдан ортиқ антитаналарни аниқлашди. Улардан 28 таси касаллик билан нисбатан самарали курашган (яъни вирусни енгган). Хўш, антитана ўзи нима ва у қандай ишлайди?
Организм ҳар қандай инфекцияга калитни намуна ва хато усули орқали йиғади. Тасаввур қилинг, ҳар бир вирус парчаси - тиғли ҳанжар, сизнинг танангиз эса ушбу ҳанжарларга қин ишлаб чиқарувчи завод. Заводдаги ҳар бир конвейер бир хил шаклдаги ғилоф ишлаб чиқаради.
Қинлардан бирортаси ҳанжар шаклига мос келиши ва тиғ ёпилиши билан заводнинг барча бўш конвейерлари бирданига айнан шу шаклдаги ғилофлар ишлаб чиқара бошлайди ва эртами- кечми барча ҳанжарлар зарарсизлантирилади.
Бу ҳолатдаги ҳар бир конвейер қоннинг махсус ҳужайрасидир (улар B-лимфоцитлари деб аталади), қинлар эса ушбу ҳужайра ишлаб чиқарадиган оқсил молекулалари (антитана) ҳисобланади.
Молекулалардан бири “тиғ” – коронавирус юзасида кўринувчи тикан шаклига мос келиши билан унинг шаклини ўзгартириб, устига “ўтириб” олади ва вируснинг ҳужайрага сингиб кетишига тўсқинлик қилади.
Вирус ҳужайра ташқарисида кўпая олмайди: ўзининг нусхасини штамплаш учун унга ҳужайранинг таркибий қисмлари керак. Шунинг учун вирусли заррачалар ортиши секинлашади.
Айнан шу вақтда, организм қайсидир антитана ҳужумни бартараф этгани ҳақида белги олади ва муқобил шаклдаги молекулаларнинг ишлаб чиқарилишини бошлаб юборади. Барча вирусли заррачалардаги тиғлар ёпилиши билан инсон соғаяди.
Антитаначалар — такроран касалланмаслик учун кафолат бўла оладими? Ушбу саволга вирусолог Дилдора Секлер шундай жавоб берган эди:
“Бу ерда кафолат сўзини қўллаш унчалик мақсадга мувофиқ эмас. Ҳаммасини олдиндан билишнинг имкони йўқ.
Антитаначалар мавжудлиги ҳар доим ҳам тўлиқ ҳимояни таъминламайди, чунки нейтралловчи антитаначалар, уларнинг ҳимоя титри ва иммунитетнинг турғунлиги каби тушунчалар ҳам мавжуд.
Битта штамм билан такроран касалланиш ҳолатлари ҳақида ҳозирча дунёда, ҳеч қаерда маълумот эълон қилинмади. Бу, ўз навбатида, ушбу вирусга қарши иммунитет ишлашидан далолат беради. Аммо антитаначаларнинг касалланиб тузалган кишини аниқ ҳимоя қилиш қобилияти, коллектив иммунитет ривожланиши каби ҳодисалар ҳозирча ўрганиш ва илмий тасдиқланиш босқичида.
Мавжуд илмий тадқиқотларга кўра, янги коронавирус (SARS CoV-2) тузилиши бўйича олдинги штаммга (SARS CoV) 85% ўхшайди. Бу — антитаначалар киши касалланган пайтдан бошлаб камида 16 ойгача сақланиб туриши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишга асос бўлади. Касалликнинг енгил ва аломатсиз шакллари бундан мустасно, уларда антитаначаларнинг сақланиш давомийлигини ҳали ўрганишимиз керак”.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь