Лос-Анжелесдаги ўрмон ёнғини сабаб 30 мингдан ортиқ аҳоли уйини тарк этди (фото)

Олам

image

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрининг ғарбидаги ўрмон ёнғинлари сабаб Пасифик Палисейдс ҳудудидан жанубда Тинч океани шоссесигача минглаб одамлар ўз уйларини тарк этди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Қайд этилишича, ёнғин жорий йилнинг 7 январь куни эрталаб Пасифик Палисейдс ҳудудида бошланиб, кучли шамоллар ва қурғоқчилик туфайли тезда 486 гектарга тарқалган ва шу сабабли Лос-Анжелесда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Ёнғин оқибатида 30 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли уйини тарк этишга чақирилган.

Лос-Анжелесдаги ёнғин хизмати раҳбари Кристин Кроулининг маълум қилишича, ёнғин 10,3 мингдан ортиқ оила ва 13,2 мингдан ортиқ биноларга хавф солмоқда. Лос-Анжелес ёнғин хизмати вакили Эрик Скотт ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳолини эвакуация қилишга тайёр бўлишга чақирган.

“PowerOutage US” корхонаси маълумотларига кўра, Лос-Анжелес округида 17 мингга яқин одам электр энергиясиз қолган. Шунингдек, Лос-Анжелесда бир неча ойдан бери ёмғир ёғмаган. Метеорологик хизмат маълумотларига кўра, 1 июлдан буён шаҳарда фақат 4 мм ёмғир ёғган. Бугун, 8 январь куни шамол тезлиги 50-80 миля/соатга (80-130 км/соат) етган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Португалияда ўрмон ёнғинлари авж олгани сабаб ҳукумат Европадан ёрдам сўраганди. 16 сентябрнинг ўзида Португалиянинг марказий ва шимолий ҳудудларида камида 15 та ёнғин содир бўлган, жумладан, Албергария-а-Велья шаҳри чеккасидаги уйлар бутунлай куйиб, кул бўлган. Шу сабабдан ҳукумат Европа Комиссиясидан  RescEU деб номланувчи Европа Иттифоқи фуқаролик ҳимояси механизми доирасида кўпроқ самолётлар сўраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Лос-Анжелес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг