Лондонда Украина тарафдорлари намойиш уюштирди (видео)
Олам
−
24 Февраль 2023
9437Кеча, 23 февраль куни Буюк Британия пойтахти Лондонда Россия-Украина урушига қарши намойиш бўлиб ўтди. Эрта тонгда Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида Лондондаги Россия элчихонаси олдига сариқ ва кўк бўёқлар тўкиб ташланди. Бу ҳақда “MyLondon” нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, бу акция “Эшаклар бошчилигида” номли сайловолди гуруҳи томонидан ташкил этилган бўлиб, 360 литр бўёқ йўлнинг қатнов қисмлари ва автомобиль шиналарига сепиб чиқилган. Шунингдек, бу жараёнда намойишчилар кўча бўйлаб украин қўшиғини хиргоя қилиб ҳаракатланган.
Бу воқеадан сўнг Лондон ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари гуруҳнинг 4 та етакчисини гумондор сифатида қўлга олган. Улар қасддан зарар етказиш ва йўл ҳаракатига тўсқинлик қилишда гумон қилинмоқда.
Гуруҳ аъзоларининг таъкидлашича, бу бўёқ юқори сифатли, зарарсиз, экологик тоза, тез қурийди ва уни ўчириш қийин эмас.
Намойиш гувоҳлари ижтимоий тармоқларда томоша ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Улар “Украинада урушни тугатиш керак” хештеги билан бўялган кўча акс этган видео ва фотосуратларини ўз саҳифаларига жойлаган.
Умида Мухторбекова
LiveБарчаси