Лондонда биринчи президент оиласининг 50 млн долларлик мулки бор – “Times”

Олам

image

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қариндошлари Буюк Британияда оффшор компаниялар орқали рўйхатдан ўтган қиймати 40 млн фунт стерлинг (49,152 АҚШ доллари)дан ортиқ бўлган кўчмас мулкка эгалик қилади. Бу ҳақда “Times” нашри хабар берди.

“Бу Британия расмийлари томонидан Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин жорий этилган янги қоидалар туфайли маълум бўлди. Улар Буюк Британиядаги ҳашаматли уйларга оффшор компаниялар орқали эгалик қилувчилар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш имконини беради. Илгари бу маълумотлар махфий ҳисобланган”, дейилади хабарда.

Британия ҳукумати реестрига кўра, Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғанинг Лондон шимолидаги 9,3 млн фунт стерлинглик қасри ва Челсида 31 млн фунт стерлинглик иккита квартираси бор. Мулк Панамадаги Tropicana Assets Foundation ва Villa Magna Foundation оффшор компанияларида рўйхатдан ўтган. Бу мулклар аллақачон Британия нашрларининг эътиборига тушгани айтилмоқда.

Назарбоевнинг куёви, ўртанча қизи Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоев эса 2007 йилда оффшор ширкати орқали ҳозирги қиролнинг укаси шаҳзода Эндрюдан Беркширдаги Саннингҳилл-парк мулкини сотиб олган. У 15 миллион фунт тўлаган – бу сўралган нархдан уч миллион фунт қимматроқ. Бундан ташқари, Қулибоев Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган компания орқали Гайд Парк яқинида бир ярим миллион фунт стерлинг қийматдаги мулкка ҳам эгалик қилади.

Нурсултон Назарбоев ва Дариға Назарбоева журналистларнинг мазкур мулклар ҳақидаги саволларига жавоб бермаган. Қулибоевнинг манфаатларини ифодаловчи Schillings компанияси эса Назарбоевнинг куёви “35 йиллик бизнес фаолияти давомида қонуний ва шаффоф йўл билан ўз бойлигини тўплаган мустақил, муваффақиятли тадбиркор” эканини билдирган.

Шунингдек, нашр бошқа давлат раҳбарларининг оилалари ҳам Британияда катта мулкларга эгалик қилишини ёзган. Унга кўра, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг фарзандлари Лондонда 21 миллион фунт стерлинглик уйларга, Ангола собиқ президенти Жозе Эдуарду душ Сантушнинг қизи эса 10 миллион фунт стерлинг қийматидаги қасрлар эгаси.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Буюк Британиянинг Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримованинг учта ҳашаматли мулки мусодара қилинганини маълум қилганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова онасининг Буюк Британиядаги мол-мулки мусодара қилингани ҳақидаги маълумотни рад этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг