Лондон ва Париж Украинага “тинчликпарвар кучлар” юборишни муҳокама қилмоқда – ОАВ
Олам
−
16 Январь
1166Буюк Британия ва Франция Бош вазирлари Кир Стармер ва Эмманюэль Макрон Украинадаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришилган тақдирда Украинага тинчликпарвар контингент сифатида британиялик ва француз аскарларини юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Лондоннинг “The Telegraph” газетаси кеча, 15 январь куни манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Макрон бу ғояни фаол тарғиб қилмоқда ва уни Украина Президенти Владимир Зеленский ва Польша Бош вазири Дональд Туск билан муҳокама қилган. Даунинг-стрит ва Елисей саройи матбуот хизматлари Стармер ва Макрон ўтган ҳафта Британия Бош вазирининг Чекерсдаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда бу масалани муҳокама қилгани ҳақидаги хабарларни инкор этмади.
Музокаралар тафсилотлари махфийлигича қолмоқда, бироқ Британия ҳукуматидаги бир қанча юқори мартабали манбалар Стармер бу режага ҳали тўлиқ содиқ эмаслигини айтмоқда.
Буюк Британия ҳукумати очиқчасига Ғарб иттифоқчилари Зеленскийни максимал даражада қўллаб-қувватлаши керак, деган позицияни эгаллаб, Украинага тинчлик музокараларини қачон ва қандай шароитда бошлашни ҳал қилиш имконини беради. Шу билан бирга, вазирлар ва расмийлар АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампдан Украина ва Россия ўртасида музокаралар ўтказишга ундашини кутмоқда ва эҳтимолий сценарийларни ҳисоблаш ҳаракатлари давом этмоқда.
Муҳокама қилинаётган фикрлардан бири шундаки, Ғарб қўшинлари тинчлик битими шартларини бажариши мумкин. Россия уруш пайтида босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмини сақлаб қолиши варианти ҳам кўриб чиқилмоқда, бироқ бу масала бўйича катта ноаниқлик сақланиб қолмоқда.
Агар шундай сценарий амалга ошса, Европа етакчилари Украинанинг қолган ҳудудини Россиянинг келажакдаги ҳужумларидан ҳимоя қилиш чораларини муҳокама қилмоқда. Макрон Европа иттифоқчиларига жойларда кузатувчи ролини ўйнашни таклиф қилмоқда. Бу фикр жамоатчилик муҳокамасида ҳам, ёпиқ эшиклар ортида ҳам муҳокама қилинади.
Украина ва Россия ҳудудлари ўртасидаги чегарада Ғарб қўшинлари томонидан қўриқланадиган демилитаризацияланган буфер зонани яратиш ҳам вариант сифатида муҳокама мавзуси бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ўз қўшинларининг Украинага кириши мумкинлиги учун яширин ҳарбий машғулотлар ўтказгани хабар қилинганди. “Perseus” машқлари 2024 йил кузида Франциядаги полигонда 10 кун давом этди ва армия махсус кучларининг (CAST) 3200 га яқин аскарини жалб қилди. Машқлар давомида улар Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бўлиши мумкин бўлган зарбасини Беларусь ҳудудидан қайтаришни машқ қилган. https://qalampir.uz/n/112823 Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс ва Гэвин Уильямсон эса мамлакатнинг “The Telegraph” нашрига берган интервьюсида ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин қироллик Украинага “тинчликпарвар қўшинлари”ни юбориши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси
Пезешкиён Тожикистонда профессор бўлди.
16 Январь
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь