Лондон киберҳужумлар ортидан 11 нафар россияликка санкция киритди
Олам
−
07 Сентябрь 2023
2571Буюк Британия Америка Қўшма Штатлари билан келишилган ҳолда, 11 нафар Россия фуқаросига санкция қўллади. Улар Британия касалхоналари ва муҳим инфратузилмаларга, жумладан маҳаллий ҳокимият органлари, бизнес компаниялари ва мактабларига киберҳужумлар уюштиришда иштирок этган. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик молиявий санкциялар бошқармаси эълон қилган янгиланган қора рўйхатда келтирилган.
Унда 11 кишининг маълумотлари, жумладан, уларнинг туғилган саналари ҳамда Trickbot ва Conti гуруҳларида бажарган функциялари мавжуд. Қироллик расмийлари шифохоналарга ҳужумлар пандемия даврида амалга оширилганини даъво қилмоқда. Британия ҳукумати маълумотларига кўра, гуруҳдаги тайинланган шахслар бутун дунё бўйлаб қурбонларидан камида 180 миллион доллар ва Буюк Британиядаги 149 қурбондан камида 27 миллион фунт стерлинг (33,7 миллион доллар) олган.
Бу шахсларнинг барчасига Буюк Британияга кириш тақиқланган, агар аниқланса, уларнинг мамлакатдаги активлари музлатилади. АҚШ Молия вазирлиги ҳам киберхавфсизлик билан боғлиқ санкциялар рўйхатини Россиядан 11 нафар шахсни қамраб олган ҳолда кенгайтирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия ва Хитой хакерлари Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ички тизимига киришга муваффақ бўлгани айтилганди.