Лола Тилляева Беверли-Хиллздаги қасрини сотди
Олам
−
16 Февраль
22555Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тилляева ўзининг Беверли-Хиллздаги тахминан 4450 квадрат метрлик “Le Palais” номли саройини 36 миллион долларга сотиб юборди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
Маълумотларга кўра, Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи, тадбиркор Тимур Тилляевга алоқадор компания 2013 йилда мазкур саройни 32,75 миллион долларга сотиб олган. Ҳозир улар уйни кимга сотгани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Уй 2011 йилда Лос-Анжелес ҳудудида кўплаб ҳашаматли уйлар қурган Жижи ва Белла Ҳадиднинг отаси Муҳаммад Ҳадид томонидан қурилган. Уй Беверли-Хиллз меҳмонхонаси рўпарасида жойлашган бўлиб, қўлда ўйилган француз оҳактош фасадига эга. Мулк ҳужжатлари шуни кўрсатадики, уйда еттита ётоқхона бор.
WSJ’нинг таъкидлашича, Тилляеванинг Лос-Анжелесдаги уйи унга тегишли кўчмас мулк рўйхатидаги энг қиммат уй эмас. Тиллаевларнинг Швейцариядаги қасри тахминан 47 миллион Швейцария франкига баҳоланган.
Маълумот учун, 2020 йил август ойида АҚШ матбуоти Лола Тилляева Қўшма Штатлардаги энг қиммат ҳудудлардан бири ҳисобланган Голливуд тепалигидаги бир эмас, учта виллани сотувга қўйгани ҳақида ёзган. Ҳар учала вилла 2014 йилда 16,1 миллион долларга сотиб олинган, бироқ 2020 йил августида улар 18,9 миллион долларга баҳоланган.
Лола Каримова-Тилляева отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь