Лола Каримова қизининг қилмишини Ислом Каримов номи билан боғламасликни сўраб чиқди
Жамият
−
06 Август 2021
86425Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляеванинг турмуш ўртоғи Амиран Сардаров билан тушган очиқ сурати катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Баҳсларда фикр билдираётганлар ушбу суратни Биринчи Президент Ислом Каримовнинг фаолияти, маънавият ҳақидаги чиқишлари билан боғламоқда. Мазкур сурат ва ҳолатнинг марҳум Президент Каримов билан боғланишига унинг қизи Лола Каримова-Тилляева муносабат билдирди.
“Мен сизлардан тинчланиб, ҳеч қачон учратмаган, билмаган, сизга бегона бўлган инсонларнинг ҳаётини юрагингизга бунчалик яқин олмаслигингизни сўрайман. Тўғри, сизлар отам Биринчи Президент Ислом Каримовни хотирлаб, уни ҳурмат қиласизлар ва отам бундай хотира ва ҳурматга лойиқ инсонлар. Улар бутун умрларини халқларига бағишлаган эдилар. Биринчи Президентнинг фарзандлари, набиралари ва бошқа қариндошлари унинг халқ олдидаги хизматларига мутлақо алоқалари йўқдир ва Биринчи Президентнинг ҳам уларнинг ҳаётига алоқаси йўқ. Улар ҳаётдан кўз юмганларига беш йил бўлди. Ислом Каримов бу жуда катта ном ва унинг авлодлари ўзининг яхши ва ёмон ҳислатларига эга бўлган шунчаки оддий инсонлар ва ҳар бири ўз ҳаёти билан яшайди. Уларнинг ҳаётлари фақат уларнинг ўзларигагина тегишлидир – улар яхши иш қиладиларми ёки ёмон иш қиладиларми, шарманда бўладиларми ёки ўзларини муносиб равишда тутадиларми – бу фақат уларнинг ишлари ва ҳуқуқларидир ва бунинг учун фақат ўзларигина жавоб берадилар.
Мен бу ва у дунёда ҳар биримиз Аллоҳ олдида қилган амалларимиз учун жавоб беришимизга ишонаман. Шунинг учун, келинг, ҳар бир инсон қилган ишлари учун унга Яратганнинг Ўзи ҳукм чиқарсин, улар қандай ўзларини тутишларидан ва ким бўлишларидан қаъти назар.
Менинг қизим Марьям 22 ёшда ва у бутун онгли ҳаётини чет элда ўтказган ва ҳар бир инсон каби ҳаёт тўғрисида унинг ўз тушунчалари бор – нима мумкин-у, нима мумкин эмас, нима чиройли-ю нима жирканч. Ҳар бир инсон каби у ўз ҳаёти ва амаллари учун ўзи жавоб беради ва у қилган ишлари фақат ўзининг ҳаётигагина таъсир кўрсатади.
Мен онаси сифатида уни маъқуллашим ёки маъқулламаслигим мумкин – бу менинг ишим, аммо у ўзини қандай тутиши учун бутун маъсулият фақат ўзининг зиммасида ётади. Бунга Президент Каримовнинг алоқаси йўқдир. Каримов – ўзининг бутун борлиғини ўз ишига бағишлаган инсон эди. У фақат ўз халқи ҳақидаги фикрлар билан ҳаёт кечирган. У ўз халқининг манфаатларини ўзининг шахсий ёки оиласининг манфаатларидан устун қўйган инсон эди. Ва шу туфайли, бу инсон уни унинг ўзи қилган ишлари асосида хотирлаб, ҳукм чиқаришларига муносиб. Унинг фарзандлари ва набиралари қилган ишларни бунга алоқаси йўқдир.
Агар қизим шунчалик жиғингизга тегаётган бўлса, унда унга қараманг. Сиз ўзингиз ёқтирган амаллар, сизга қувонч олиб келадиган ишлар билан шуғулланинг. Ўзга инсоннинг ҳаётидан жаҳлингиз чиқиб, уни қоралаш ва ғийбатлашишдан кўра муҳимроқ нарса наҳотки бўлмаса?”, деб ёзади Лола Тилляева.
Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.
LiveБарчаси