Литва Беларусь билан чегарада девор қурмоқчи
Олам
−
07 Июль 2021
4052Литва Беларусь билан чегарада муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун тўсиқ қурмоқчи ва бунда армия чегарани ҳимоя қилишда иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 7 июль куни мамлакат Бош вазири Ингрида Шимоните матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз Литва ва Беларусни ажратиб турадиган қўшимча тўсиқ қуришни бошлаймиз ва бу ноқонуний мигрантлар оқими учун аниқ белги ва маълум тўсиқ бўлади”, дейди Шимоните.
Фото: Ингрида Шимоните
Ҳукумат раҳбари, шунингдек, чегарада патрулни кучайтириш учун армия ҳам жалб қилинишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Литва Россия билан чегарасида икки метрлик баландликдаги, сим панжарали тўсиқ қурганди. Ушбу ўзига хос девор ҳаракат сенсорлари, термал камералар, видеокамералар билан жиҳозланган. Литва Россиянинг Калининград вилояти билан чегарадош.
Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг бошидан буён Литвага Беларусь ҳудудидан кириб келган 1,4 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантлар ҳибсга олинган. Бу бутун 2020 йилга кўрсаткичга нисбатан 17,5 марта кўпдир. Жорий йилнинг 2 июль куни Литва Вазирлар Маҳкамаси миграция инқирози муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг май ойи охирида Президент Александр Лукашенко парламентда қилган чиқишида Беларусь гиёҳванд моддалар ва ноқонуний мигрантларни қўшни давлатларга (Латвия, Литва, Польша, Украина) ўтказишда тўсиқ бўлганини айтганди, аммо Ғарб томонидан сиёсий босимни ҳисобга олган ҳолда Минск бу масалани кўриб чиқиши кераклигини таъқидлаган.
Қўшимча маълумот учун, икки мамлакат чегарасида девор қуриш бўйича АҚШ ҳам тажрибага эга. Собиқ Президент Дональд Трамп 2016 йилда мамлакат жанубида Мексика билан чегарада девор қуриш лойиҳасини қайта бошлаганди. Уч минг километрдан ошиқ масофани қамраб олиши керак бўлган девор мамлакат жанубидан келаётган ноқонуний миграция оқимига қарши кўрилган чора эди. Бироқ ушбу лойиҳа Трампнинг кўплаб бошқа лойиҳалари каби Жо Байден АҚШ Президентига айлангач тўхтаб қолди.
LiveБарчаси