Литва ҳукумати истеъфога чиқди

Олам

image

Литва ҳукумати Бош вазир Гинтаутас Палуцкаснинг ортидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати расмий баёнот эълон қилди.

“Бош вазир истеъфога чиққани муносабати билан қонунга мувофиқ ҳукумат ўз ваколатларини топширади ва бу ҳақда Президентни хабардор қилади”, дейилади баёнотда.

Коррупция билан боғлиқ можаролар ортидан лавозимидан кетган Палуцкас ҳукуматга миннатдорлик билдирган.

“Бу бироз драматик эшитилиши мумкин, лекин мен истеъфога чиқаман, сизлар эса янги Бош вазир қандай, қайси йўналишларда ва қандай миқёсда ўзгаришлар қилинишини ҳал қилгунча вақтинча ишни давом эттирасиз”, дейди у.

Палуцкас бугун, 4 август куни истеъфоси ҳақида Президент Гитанас Науседага хабар беришини билдирган. Расмий жиҳатдан ҳукумат Президент фармойишидан сўнг истеъфога чиққан ҳисобланади.
 
“Elta” маълумотига кўра, вақтинча бош вазир вазифасини Молия вазири Римантас Шажюс бажаради. Президент Науседа эса 15 кун ичида янги бош вазир номзодини тақдим этиши керак бўлади. Ушбу номзодни Сейм – Литва парламенти тасдиқлаши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Палуцкаснинг истеъфоси у ва оиласи билан боғлиқ компаниялар атрофида олиб борилаётган терговлар фонида юз берди. Президент Науседа 24 июль куни Палуцкасга икки ҳафта муҳлат бериб, вазиятни тушунтиришни ёки лавозимдан кетишни талаб қилган эди. Эртаси куни Бош вазир таътилга чиқиб, “асалари ва асал билан шуғулланиши кераклигини” билдирганди.
 
Жорий йилнинг 31 июль куни Науседа Бош вазир унга қўнғироқ қилиб, ҳукумат раҳбари ва Социал-демократик партия етакчиси лавозимларидан кетишга қарор қилганини маълум қилганини айтди. Партияни вақтинча Йонава мэри Миндаугас Синкявичюс бошқариб туради. LRT нашрига кўра, у Бош вазир лавозимига муқобил номзодлардан бири ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Гинтаутас Палуцкас Литва ҳукумати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг