Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш... Янги қонунда нималар дейилган?

Жамият

image

2021 йил 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда депутатлар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича кўриб чиқди.

Жорий йилнинг 14 июлида қабул қилинган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-701-сонли  Қонун  билан 49 та лицензиялар, 120 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 33 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

Ушбу Қонунга кўра, фаолиятни амалга ошириш ҳаёт ва соғлиққа, атроф-муҳитга зарар, ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга, жамоат хавфсизлигига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.

Шунингдек, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш ва улар билан боғлиқ бошқа тартиблар барча учун очиқ бўлган “Лицензия” ахборот тизими (махсус электрон тизим) орқали амалга оширилади.

Фаолиятнинг қуйидаги турлари бўйича лицензиянинг амал қилиши учун йиллик давлат божлари белгиланади:

• концерт-томоша фаолияти;
• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ишлаб чиқариш;
• алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси;
• телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматларни кўрсатиш.

Қонунга кўра, лицензия фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури учун алоҳида берилади.

Лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади, қуйидагилар мустасно:

• тиббий фаолият;
• фармацевтика фаолияти;
• гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият;
• таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик воситасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабисни саноат мақсадларида етиштириш, олиб кириш, қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш, олиш ва ташиш;
• кўчма радиотелефон (уяли) алоқадан ва телерадиоэшиттиришларни тарқатишдан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш;
• нефтни, газни ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;
• аффинаж фаолияти.

Лицензия берганлик, унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик ва уни ўзгартирганлик учун давлат божи ундирилади.

Юридик шахслар филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди. Бунда аввал олинган лицензияларда ва рухсатномаларда филиаллар ва ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг