Лиссабонда мотам эълон қилинди

Олам

image

Аввалроқ, Португалия пойтахти Лиссабонда машҳур “Глория” фуникулёри рельсдан чиқиб кетгани ва оқибатда 15 киши ҳалок бўлиб, камида 23 киши жароҳат олгани хабар қилинган эди. Шу сабабли, Португалия ҳукумати бугун, 4 сентябрдан бошлаб Лиссабонда ҳалокат қурбонлари хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ҳодиса кеча, 3 сентябрь куни соат 18:05 да Авенида-да-Либердаде кўчаси яқинида юз берган. Фуникулёр Рештаурадориш майдонини Сан-Педро-де-Алькантара боғи билан боғлайдиган йўналишда ҳаракатланаётган бўлган ва Кальсада-да-Глория кўчасидаги бинога бориб урилган. Дастлабки маълумотларга кўра, фалокатга троснинг узилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Бошида ОАВ 3 нафар ҳалок бўлган киши ҳақида хабар берган, бироқ бир неча соатдан сўнг қурбонлар сони 15 нафарга етган. Шунингдек, аввалига 18 киши жароҳатлангани айтилган, улар орасида 2 нафар Испания фуқароси ҳам бўлган, аммо кейинроқ жароҳатланганлар сони 23 нафарга етган. Улардан 5 нафарининг аҳволи оғир. Фуникулёр вагони 43 кишига мўлжалланган.

Воқеа жойига 20 га яқин тез ёрдам машинаси етиб борган ва ҳудуд тўсиб қўйилган. Ижтимоий тармоқларда одамларнинг қалин тутун орасида фуникулёрдан чиқиб кетаётганини акс эттирувчи видеолар ҳам тарқалди.

Лиссабон шаҳар транспортини бошқарувчи Carris компанияси барча регламент текширувлари вақтида ўтказилганини билдирган. Уларнинг маълумотига кўра, фуникулёр охирги бор 2022 йилда тўлиқ техник хизматдан ўтган, кейингиси 2026 йилга мўлжалланган. Компания ҳар икки йилда бир марта таъмир, шунингдек, ҳар ой ва ҳар ҳафта текширувлар ўтказилишини таъкидлаган. Ҳодиса юзасидан шаҳар ҳокимияти билан биргаликда суриштирув бошланган.

Маълумот учун, “Глория” фуникулёри 2018 йилда ҳам рельсдан чиққан, бироқ ўшанда қурбонлар бўлмаган. У 2002 йилдан буён миллий ёдгорлик мақомига эга ва шаҳар рамзларидан бири саналади. Ҳар йили 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат қилади. Йўналиш узунлиги 265 метр бўлиб, Лиссабоннинг пастки ва юқори қисмларини боғлайди.

Шаҳар мэри Карлуш Моэдаш ҳодисани мисли кўрилмаган фожиа деб атаган. Унинг айтишича, жароҳатланганлар шаҳарнинг учта шифохонасига – Санта-Мария, Сан-Жозе ва Сан-Франсиско-Ксавьерга етказилган. Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза чуқур ҳамдардлик билдириб, фожиа сабабларини имкон қадар тез аниқлашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Саудия Арабистонида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса юз берган эди. Тоиф шаҳри яқинидаги Green Mountain Park кўнгилочар боғида “360 даража” номли машҳур аттракцион ишламай қолиб, икки бўлакка бўлинган ва одамлар тушиб кетганди. Кучли зарба оқибатида кўплаб одамлар турли даражада жароҳат олган.


Мақола муаллифи

Теглар

мотам Лиссабон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг