Лиссабонда фуникулёр рельсдан чиқиб кетди. 15 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 3 сентябрь куни Португалиянинг Лиссабон шаҳрида “Глория” фуникулёри (тоғ, баландлик ёки қиялик бўйлаб одамларни ташиш учун мўлжалланган транспорт) рельсдан чиқиб кетди. Ҳодиса оқибатида тахминан 20 киши жароҳат олган, 15 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Португалия миллий полициясига таяниб, “Diario de Noticias” хабар берди.

Маълум бўлишича, фуникулёр вагони трос узилиши сабабли баландликдан қулаган. У боғдаги кузатув майдончасидан пастга ҳаракатланаётган пайтда бошқарувни йўқотиб, бинога урилган. Интернетда тарқалган суратларда 43 кишини сиғдира оладиган вагон бутунлай вайрон бўлгани кўринади.

Жамоат хавфсизлиги полицияси қурбонлар борлигини тасдиқлаган, аммо аниқ сонини айтмаган. Фуқаролик муҳофазаси хизмати эса камида 20 киши жароҳатлангани, уларнинг тўрт нафарида тан жароҳати оғир экани ҳақида маълум қилган. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш бўлими “Lusa” нашрига берган маълумотида Сан-Жозе шифохонасига етти киши олиб борилганини, улардан беш нафари оғир аҳволда эканини билдирган.

Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза ҳодиса ва қурбонлар муносабати билан таъзия билдирган. Шунингдек, Бош вазир Луиш Монтенегро ва Португалия ҳукумати ҳам ҳамдардлик изҳор қилган.

Лиссабон мэри Карлуш Муэдаш воқеа жойига етиб борган.

“Лиссабон мотамда. Бу бизнинг шаҳримизда ҳеч қачон бўлмаган фожиа. Ҳозир чоралар кўриш ва ёрдам бериш пайти”, дейди у.

Прокуратура ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.

Маълумот учун, “Глория” фуникулёри Европадаги энг қадимгиларидан бири ҳисобланади. У 1885 йилда очилган ва дастлаб буғ двигатели ёрдамида ишлаган, 1915 йилда эса электрлаштирилган. Унинг йўналиш узунлиги 265 метр.

2002 йил февралида фуникулёр миллий ёдгорлик сифатида эътироф этилган. У Лиссабоннинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири саналади ва сайёҳлар орасида машҳур. Маълумотларга кўра, “Глория” ҳар йили 3 миллиондан ортиқ йўловчи ташийди.

2018 йил май ойида ҳам фуникулёр вагони рельсдан чиқиб кетган, аммо ўша сафар қурбонлар бўлмаган. 2022 йилда фуникулёр капитал таъмирдан чиқарилган, 2024 йилда эса оралиқ таъмир ишлари ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Португалия Лиссабон Глория фуникулёр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг