Левандовски, Бензема, Холанд... “Улоқ” кимга насиб қилади?
Спорт
−
14 Февраль 2022
3251Футболда нуфузли совринлар жуда ҳам кўп. Ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида шахсий совринлар учун икки асосий даъвогар футболчи Месси ва Роналду бўларди. Улар шахсий совринларни шунчалик кўп қўлга киритди-ки, футбол аҳли зерикиб ҳам кетди. Энди совринлар учун курашга бошқалар киришди. Буни “Олтин бутса” учун курашда Месси ва Рoналдунинг йўқлиги ҳам кўрсатиб турибди.
Роберт Левандовски - 22 ўйин 26 гол (“Бавария”)
Охирги уч мавсумнинг ҳақиқий тўпурар футболчиси Роберт Левандовскидир. Ҳа, унга нисбатан адолатсизлик қилиб, “Олтин тўп”дан қуруқ қолдиришса ҳам майли, лекин у барибир гол уришдан тўхтамайди. Ўтган йили FIFA талқинига кўра, дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган полякни бу мавсум ҳам тўхтатишнинг чорасини топа олишмаяпти. Левандовскининг ҳар ўйинда биттадан кўп гол ураётгани буни исботлаб турибди. Катта эҳтимол, ўтган мавсумда “Олтин бутса”ни қўлга киритган “Бавария” ҳужумчиси, ушбу мавсумда ҳам совринни бегона қилмайди.
Карим Бензема - 21 ўйин 17 гол (“Реал Мадрид”)
Роналду кетгач, “Реал Мадрид” етакчиси Карим Бензема бўлади деса, ҳеч ким ишонмаслиги мумкин эди. Амалда у нафақат “қаймоқ ранглилар” лидери бўлди, балки жаҳон футболининг элита ҳужумчилари қаторида эътироф этила бошлади. Агар, Роберт Левандовски бўлмаганда, франциялик ҳужумчи дунёнинг айни дамдаги энг яхши футболчиси бўлиши мумкин эди. Ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказаётган Бензема “қироллик” клуби таркибида 587 та учрашувда майдонга тушиб, 303 та гол урди. Тасаввур қилинг, у жамоа афсонаси Раул Гонсалесни ортда қолдириб, “Реал Мадрид” тарихидаги энг яхши иккинчи тўпурар бўлиши мумкин. Бир пайтлар мадридлик мухлислар уни жамоадан кетказиш иштиёқида эди. Бензема эса, ҳазил-ҳазил билан “Реал Мадрид” тарихига кирди. Францияликнинг “Олтин бутса”ни ютиш имконияти бироз пастроқ бўлиши мумкин. Лекин ҳаракат қилса бўлади.
Муҳаммад Салоҳ - 22 ўйин 16 гол (“Ливерпуль”)
Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”да ажойиб ўйнашда давом этмоқда. Унинг голлари “қизиллар”нинг ғалабасига асосий калит бўлмоқда. У Африка Миллатлар кубогидаги омадсизликдан сўнг, бор эътиборини АПЛга қаратади. Шунинг учун, голларининг сони янада ошса ажабмас. Салоҳ камтар ва яхши инсоний фазилатлари билан бошқалардан ажралиб туради. Лекин унинг ҳам “Олтин тўп”, “Олтин бутса” каби жиддий совринларга эга чиқиш иштиёқи баланд. Мисрлик ўғлон қачондир футбол оламидаги энг нуфузли шахсий совринларга эга чиқади. Бироқ ушбу мавсумда “Олтин бутса” учун курашда Салоҳнинг имкониятлари қолганларга нисбатан бироз паст.
Чиро Иммобиле – 21 ўйин 19 гол (“Лацио”)
А Серияда бир қатор топ футболчилар бўлишига қарамасдан, Чиро Иммобиле Италия чемпионатида тўпурарлар орасида яққол етакчилик қилмоқда. Ҳозирда Роберт Левандовскидан кейин совринга энг яқин футболчи Чиро ҳисобланади. Иммобиленинг охирги мавсумлари шуни кўрсатмоқда-ки, у бемалол голлари сонини 30 дан ошириб қўя олиш қобилиятига эга. Шу сабаб, италияликда “Олтин бутса”ни ютиш учун яхши имконият мавжуд.
Эрлинг Холанд - 14 ўйин 16 гол (“Боруссия Дортмунд”)
Бешталик ичида энг кам ўйин ўтказганига қарамасдан, Эрлинг Холанд бир қутурадиган бўлса, голлари сонини анчага кўпайтириб олиши мумкин. Ҳозирча, норвег ўзига келаётган "совчилар"нинг қайси бирига розилик билдириш тўғрисида кўпроқ ўйлаётган бўлса ажабмас. Кучлироқ жамоага ўтадиган бўлса, бундай “Олтин бутса”ларнинг бир нечтасини ютиши мумкин. Бу йил эса, “акаси” Робертнинг имкониятлари баландроқ.
“Отин бутса”нинг 5 карра соҳиби Лионель Месси Франция чемпионатида 14 та учрашувда 2 та гол урган. Криштиану Рoналду эса, АПЛда 20 та баҳсда қатнашиб, 8 та гол киритишга эришган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси