Лазиз Қудратов яна бир лавозимга тайинланди
Жамият
−
19 Август 2021
7837Ўзбекистон Президентининг қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовга Стратегик ривожланиш агентлиги бош директори вазифасини бажариш юклатилди.
Aгентликнинг янги раҳбари Лазиз Қудратов 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат Шарқшунослик институти ва Япониядаги Хосей университетини тамомлаган.
Лазиз Қудратов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, сўнгра “Oʻzinfoinvest” агентлигининг ахборот таъминоти ва хорижий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича директор бўлиб ишлаган.
Шунингдек, Лазиз Қудратов Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг турли лавозимларида ҳам ишлаган. Хусусан, 2017 йил июнда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, 2019 йил январда қўмита Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сифатида қайта ташкил этилгач, шу вақтгача вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2019 йил октябрь ойи бошида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Маълумот ўрнида, Стратегик ривожланиш агентлиги 2021 йил 19 июль куни Президент фармони билан ташкил этилган.
Агентлик функцияларига тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш, мамлакатда инвестиция муҳитини ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш мақсадида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш киради.
LiveБарчаси