Лавров Украина ғалласи масаласида Киевга шарт қўйди
Олам
−
08 Июль 2022
16809Россия Украина ғалласи масаласида Украина ва Туркия томонлари билан музокаралар жараёнига тайёр. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 8 июль куни йигирматалик (G20) Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидаги иштироки якунлари бўйича баёнотида айтиб ўтди.
“Биз украиналик ва туркиялик ҳамкасбларимиз билан музокараларга тайёрмиз. Бизда барча ечимлар бор: агар гап Украина ғалласи ҳақида кетаётган бўлса, Украина ўз портларини блокдан чиқариши, уларни миналардан тозалаши ёки миналанган майдонлардан хавфсиз ўтишини таъминлаши керак ва аллақачон Украина ҳудудий денгизидан ташқарида, Россия ва Туркия тегишли кемаларнинг хавфсизлигини таъминлашга ва уларни бўғозларга олиб чиқишга тайёр. Кейинчалик улар Ўрта эр денгизига мустақил равишда борадилар”, дейди Лавров.
Россия Ташқи сиёсати масъули таъкидлаганидек, бу ерда асосий ролни ҳарбийлар ўйнайди, чунки ҳамма нарса денгиз флотидан фойдаланиш билан боғлиқ.
“Музокаралар қачон давом этишини айта олмайман, чунки мен бир неча кундан бери Москвада бўлмаганман, лекин тасдиқлай оламанки, биз ҳар доим тайёрмиз”, дея қўшимча қилди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 21 июнь куни Москвада Туркия ва Россия ҳарбий делегациялари ўртасида Украина донини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги уларни ижобий ва конструктив деб атаб, маслаҳатлашувларни давом эттиришга қарор қилинганини қайд этди.
LiveБарчаси