Лапорта “Барса” жаҳон футболи элитасига қайтганини иддао қилди
Спорт
−
21 Июль 2022
4156Испаниянинг “Барселона” клуби президенти Жоан Лапорта клубнинг сўнгги муваффақиятларини қайд этиб, ёзги трансферлар туфайли жамоа жаҳон элитасига қайтганини таъкидлади. Бу ҳақда “Барса” раҳбарининг сўзларига таяниб, “Marca” нашри хабар берди.
“Биз жамоани Европа етакчилари билан янада рақобатбардош қилишни истаймиз ва “Барселона” ҳозирданоқ жуда яхши ривожланмоқда. Клубимизнинг спорт директорига қилган ишлари учун раҳмат айтмоқчиман, у Робертнинг жамоамизга ўтишида жуда катта ишни бажарди. Биз биргаликда “Барселона”ни жаҳон элитасига қайтардик”, деган Жоан Лапорта.
Қайд этиш керак, охирги йилларда “кўк анорранглилар” жиддий молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бироқ мана шундай оғир вазиятга қарамасдан, клуб жорий ёздаги трансфер ойнасида энг фаоллардан бири бўлди. Айрим таҳлилчилар “Барселона” раҳбарлари янги футболчилар хариди учун пулни қаердан олаётгани номаълумлиги тўғрисида ёзмоқда.
Лапорта “Барса” бошқарувига келгач, жамоа бизнес тарафдан юксалишни бошлади. У Япониянинг “Rakuten”компанияси билан шартнома якунига етгач, “Spotify” мусиқий стрим компанияси билан қиймати 300 миллион еврони ташкил қилувчи битим имзолади. Бу тарихдаги энг катта ҳомийлик келишувларидан бири бўлди. Қолаверса, “кўк анорранглилар” телевизион ҳуқуқларининг 10 фоизини Америка Қўшма Штатларининг “Sixth Street” сармоявий компаниясига 205 миллион еврога пуллади. Албатта, ушбу ҳаракатлар “Барселона”нинг бюджетини кенгайтирди. Катта эҳтимол юқоридаги битимлардан тушган пулларнинг кўп қисми янги футболчиларни харид қилиш учун ишлатилаётган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, ёзги трансфер ойнасида Франк Кессье ва Андреас Кристенсен эркин агент сифатида “Барселона” билан шартнома имзолади. Шунингдек, “Лидс” ярим ҳимоячиси Рафиня Диаз 58 миллион еврога ва Роберт Левандовски “Бавария”дан ва 45+5 миллион евро эвазига харид қилинди. Албатта, бу футболчиларнинг "Барса" ўйинига қанчалик мазмун олиб киришини вақт кўрсатади. Испанияда янги мавсум август ойида старт олади.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси