Ла Лига янги мавсумдан бир қатор муҳим қоидаларни жорий этади

Спорт

image

Испания Ла Лигаси 2026-2027 йилги мавсумдан бошлаб Халқаро футбол ассоциацияси кенгаши (IFAB) томонидан тасдиқланган ўйин қоидаларига киритилган сўнгги ўзгаришларни амалиётга жорий этади. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.

Янги тартибга кўра, агар дарвозабон майдонда ёрдамга муҳтож бўлса ва ўйин унинг ҳақиқий ёки эҳтимолий жароҳати сабаб тўхтатилса, майдондаги жамоадошларидан бири майдонни тўлиқ бир дақиқага тарк этиши шарт бўлади.

Ушбу қоида, айниқса, ўйин сўнгги дақиқаларида вақтни чўзиш, рақиб босимини пасайтириш ёки учрашув суръатини ўзгартириш мақсадида қасддан амалга ошириладиган “тактик жароҳатлар”нинг олдини олишга қаратилган.

Бироқ, бир қатор истиснолар ҳам мавжуд. Масалан, пенальтидан кейин дарвозабонга ҳақиқатан ҳам тиббий ёрдам зарур бўлса ёки жиддий тўқнашув оқибатида жароҳат олган бўлса, мазкур қоида қўлланилмайди.

Шунингдек, ёрдамга муҳтож эмаслигини аниқ билдирган ёки ўйинни кечиктирмасдан ихтиёрий равишда майдонни тарк этган футболчилар ушбу жазодан озод қилинади.

Бош мия жароҳати, юрак билан боғлиқ муаммолар, тутқаноқ, нафас олиш қийинлашуви каби ҳаёт учун хавфли ҳолатлар ҳам янги қоида доирасига кирмайди.

Ла Лига IFAB’нинг алмаштириш тартибига оид янгиланган кўрсатмаларини ҳам қўллайди. Агар алмаштирилаётган футболчи майдонни белгиланган вақтда тарк этмаса, унинг жамоаси бир дақиқага кам сонли таркибда ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, ҳакамлар нотўғри шахсга кўрсатилган иккинчи сариқ карточка ҳолатларида VAR ёрдамида фақат қоидабузарнинг шахсини аниқлаш ҳуқуқига эга бўлади. Қоидабузарликнинг ўзи эса қайта баҳоланмайди.

VAR яна бир ҳолатда ҳам аралашади: агар ҳужум қилувчи жамоа бурчак тўпи ёки жарима зарбаси бажарилишидан олдин қоидабузарликка йўл қўйиб, бу ҳаракат кейинчалик гол, пенальти ёки хавфли ҳужумга сабаб бўлса, эпизод қайта кўриб чиқилади.

Шу тариқа, Ла Лига янги мавсумдан ўйин вақтини сунъий чўзиш ҳолатларини камайтириш ва ҳакамлик қарорларининг аниқлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга оширади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг