“Куёв”нинг онаси “Санжик”дан $300 минг талаб қилди
3-саҳифа
−
01 Май 9316 2 дақиқа
Бугун, 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримовга оид жиноят иши юзасидан навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда мазкур иш доирасида Алимбоевлар оиласини алдаб, уйини олиб қўйган Шаҳзод Рисматовнинг онаси Санжар Каримовдан 300 минг доллар талаб қилди. Бу ҳақда суд жараёнида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Суд тергови якунига етгани сабабли, раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларга якуний муҳокама учун сўз берди.
Мажлисда жабрланувчи Шаҳло Алимбаева уй-жойни қайтариб олгани боис, Санжар Каримовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилди.
Шундан сўнг, жабрланувчи Феруза Раҳматуллаевага сўз берилди. У ўғли Шаҳзод Рисматов 220 минг АҚШ доллари эвазига гаровга қўйган икки дона BMW русумли автомобиль бўйича етказилган зарарни қоплаш учун Санжар Каримовдан 300 минг АҚШ доллари ундиришни сўради.
Шунингдек, давлат айбловчиси, Мирзо Улуғбек тумани прокурори ўринбосари Сапаров Наврузбек Абдухашимович суддан айбланувчига нисбатан бир қатор моддалар бўйича жазо тайинлашни сўради. Жумладан, Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми бўйича БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми бўйича БҲМнинг 500 баробари миқдорида жарима ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси талаб қилинди.
QALAMPIR.UZ тез орада ушбу суд мажлисидан батафсил видеорепортажни тақдим этади. Кўрсатувни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси