Ушлаш, тинтув ўтказиш ва ҳимоядан воз кечиш жараёнлари видеоёзув билан қайд этилади
Жамият
−
31 Март 2020
7718Шахсни ушлаш, тинтув ўтказиш ва ҳимоядан воз кечиш жараёнлари видеоёзув билан қайд этилиши шарт бўлади. Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда маъқулланган. Бу ҳақда Қонунчилик палатси депутати Расул Кушербоев хабар бермоқда.
Депутатнинг айтишича, лойиҳага кўра, эндиликда шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш билан боғлиқ жараёнлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.
“Амалдаги таҳрирда ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш тарзидаги, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилиши шарт эди холос. Эндиликда процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида ушлаб туриш, шахсий тинтув ёки олиб қўйиш баённомасига ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади”, дейди ЎзЛиДеп аъзоси Расул Кушербоев.
Шунингдек, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллангани бўйича ҳам аниқлик киритиб кетилган.
Шахсга нисбатан қўлланилган бундай процессуал мажбурлов чораси ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.
Амалдаги кодекс талабига кўра, шахсга нисбатан қўлланилган процессуал мажбурлов чораси ҳақида 24 соатдан кечиктирмасдан яқинларига хабар қилиниши белгиланган.
Кушербоев мазкур ўзгаришлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва тергов жараёнларидаги қонунларга амал қилиш ҳолатининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонмоқда.
LiveБарчаси