Урушга курдлар қандай таъсир қилмоқда?
Таҳлил
−
13 Март 11863 8 дақиқа
Яқин Шарқ сиёсий харитасида “курдлар масаласи” йиллар давомида ечиб бўлмас муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ўз давлатига эга бўлмаган, аммо Туркия, Эрон, Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшовчи 35 миллиондан ортиқ курд халқи деярли барча минтақа давлатларида ички сиёсий кескинлик, хавфсизлик муаммолари ва сепаратистик хавотирларнинг асосий сабабларидан ҳисобланади. Айниқса, миллий ўзлик, автономия ёки мустақиллик талабларини илгари сураётган курд ҳаракатлари кўплаб давлатлар учун ички барқарорликка таҳдид сифатида кўрилади. Натижада курд муаммоси Яқин Шарқ геосиёсатининг энг мураккаб ва баҳсли масалаларидан бирига айланган.
Бугун ушбу масала, айниқса Эронда яна кескинлашиб бормоқда. АҚШ ва Исроил билан Теҳрон ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда, курд омили яна геосиёсий ўйинларнинг муҳим иштирокчисига айланмоқда. Сўнгги ҳафталарда Ироқ Курдистони ҳудудида жойлашган эронлик курд қуролли гуруҳлари фаоллашиб, Эрон ҳудудига қарши операциялар бошлагани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Айрим маълумотларга кўра, бу гуруҳлар чегарага яқин ҳудудларда ҳарбий тайёргарликни кучайтирган ва Теҳрон режимига қарши кенгроқ қўзғолон режалаштирмоқда.
Бунга жавобан Эрон ҳам кескин чоралар кўрмоқда. Расмий Теҳрон Ироқ Курдистони ҳудудидаги курд мухолиф гуруҳларининг базаларига ракета ва дрон зарбалари берганини маълум қилди ҳамда агар бу ҳудудлардан Эрон ичкарисига ҳужумлар амалга оширилса, янада кенг кўламли зарбалар берилиши ҳақида огоҳлантирди. Вазият қалтис, Эронга яна бир фронт керак эмаслиги аниқ.
Курдлар тарихи
Курдларнинг келиб чиқиши ҳақида турли илмий қарашлар мавжуд. Курд номининг аниқ келиб чиқиши номаълум. Кўплаб тарихчилар уларни қадимги эроний халқлар гуруҳига мансуб деб ҳисоблайди. Курд тили ҳам эроний тиллар оиласига киради ва форс тилига яқин ҳисобланади. Тарихий манбаларда курдлар асосан Загрос тоғлари ҳудудида яшаган тоғли қабила ва уруғлар сифатида тилга олинади. Асрлар давомида улар турли империялар – Араб халифалиги, Салжуқийлар, Усмонийлар империяси ва Сафавийлар давлатлари таркибида яшаган. Бироқ, курдлар ҳеч қачон мустақил ва барқарор миллий давлат барпо эта олмаган.

ХХ аср бошларида Усмонийлар империяси парчаланиб кетгач, Яқин Шарқнинг сиёсий харитаси қайта чизилди. Айнан шу даврда курдлар мустақил давлат тузиш имкониятига яқин келган эди. 1920 йилдаги Антанта иттифоқи ва Усмонийлар давлатлари ўртасида имзоланган Севр шартномасида, ҳатто Курдистон давлатини ташкил этиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган. Аммо, кейинчалик имзоланган Лозанна шартномаси бу режаларни бекор қилди ва курдлар тўрт давлат ҳудудида қолиб кетди. Ана шу тарихий жараён курд миллатчилиги шаклланишига кучли туртки берди.
Курд миллатчилиги ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб кучая бошлади. Турли сиёсий ташкилотлар, қуролли гуруҳлар ва миллий ҳаракатлар пайдо бўлди. Ироқ, Туркия ва Эронда курд сиёсий партиялари мустақиллик ёки кенг автономия талабини илгари сурди. Айниқса, Ироқ Курдистони ҳудудида курдлар сиёсий жиҳатдан нисбатан кучли институтларни шакллантиришга муваффақ бўлди.
Эрон ҳудудида эса курдлар асосан мамлакатнинг ғарбий қисмида – Курдистон, Ғарбий Озарбайжон ва Кирмоншоҳ вилоятларида яшайди. Эрон курдларининг аксарияти сунний мусулмонлар ҳисобланади. Бу эса, асосан шиа мазҳабига таянган Эрон сиёсий тизими билан муайян диний тафовутни ҳам юзага келтиради. Тарих давомида Эрон курдлари марказий ҳокимият билан мураккаб муносабатда бўлиб келган.
Турли баҳолашларга кўра, дунё бўйлаб курдларнинг умумий сони 30–40 миллион атрофида бўлиб, уларнинг энг катта қисми Туркияда яшайди. Тахминан 15–20 миллион курд Туркияда, 6–8 миллиони Эронда, 5–6 миллиони Ироқда ва 2 миллионга яқини Сурияда истиқомат қилади. Ана шу тарқоқлик ва сиёсий бўлиниш курд масаласини Яқин Шарқ геополитикасининг доимий оғриқли нуқтасига айлантирган.
1979 йилда Эронда Ислом инқилоби содир бўлгач, курд ҳудудларида кескин қаршилик ҳаракатлари бошланди. Курд сиёсий партиялари янги ҳукуматдан мухторият талаб қилди, аммо Теҳрон бу талабларни қатъиян рад этди. Натижада Эрон армияси ва курд қуролли гуруҳлари ўртасида қуролли тўқнашувлар юзага келди. Бу можаро ўша даврда минглаб қурбонларга сабаб бўлди ва курд муаммоси Эрон сиёсатининг доимий хавфсизлик масаласига айланди.
Кейинги йилларда Эрон курд мухолиф гуруҳлари асосан мамлакат ташқарисида, хусусан Ироқ Курдистони ҳудудида фаолият юрита бошлади. Бу гуруҳлар орасида Курдистон Демократик партияси (КДПИ) ва Комала каби ташкилотлар бор. Улар Эрон ҳудудида сиёсий босим ва репрессиялар мавжудлигини таъкидлаб, курдларнинг сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришни талаб қилади.

Чегаралараро ҳамкорлик ва курд ташкилотларининг бир-бири билан алоқаси ҳам вақт ўтиши билан кучайди. Ироқ Курдистони ҳудуди Эрон курд мухолифлари учун муҳим сиёсий ва ҳарбий таянчга айланди. Бу эса Теҳрон учун жиддий хавфсизлик муаммосини юзага келтирди. Эрон ҳукумати бир неча бор Ироқ Курдистони ҳудудидаги курд мухолиф базаларига ракета ва дрон зарбалари берганини маълум қилган.
Сўнгги йилларда Эрон курдлари мамлакат ичидаги норозилик намойишларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Айрим ҳолатларда бу намойишлар қуролли тўқнашувлар ёки қўзғолонларга айланган. Теҳрон эса бундай ҳаракатларни ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланаётган сепаратизм сифатида талқин қилади.
Шундай қилиб, Эрон курдлари масаласи оддий этник муаммо эмас. У тарихий, диний ва геосиёсий омиллар кесишган мураккаб сиёсий тугунга айланган. Минтақада кучлар мувозанати ўзгараётган бир пайтда эса курд омили яна Яқин Шарқ сиёсатининг энг нозик ва портловчи нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.
Курдларнинг ҳужумлари
Жорий йилнинг 4 март куни “The Jerusalem Post” нашрининг Исроил ва Америка расмийларига таяниб берган маълумотларига кўра, Ироқнинг Эрон билан чегараси яқинидаги юзлаб курд жангчилари Хоманаий режимига қарши қуролли ҳаракатларни бошлаган. Қуруқликда очилган бу янги фронт Эроннинг муллалар режимини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин эди. Гарчи расмий Теҳрон бу ҳужумларни аввалига рад этган бўлса-да, кейинчалик маъмурият Ироқ Курдистонига жавоб зарбаларини йўллаганини эълон қилди.
5 март куни тарқалган хабарларга кўра, Эрон ҳарбийлари мамлакатнинг ғарбий чегараси бўйлаб жойлашган курд базаларига ракета ва дрон зарбаларини берган ва бунинг оқибатида гуруҳнинг бир нечта аъзолари ҳалок бўлган.
“Биз Ироқ Курдистонидаги инқилобга қарши бўлган курд гуруҳларининг штаб-квартирасини учта ракета билан нишонга олдик”, деб ёзади Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги.
АҚШ ва Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, яқинлашиб келаётган курд ҳужумлари Эрон хавфсизлик кучларининг эътиборини бошқа томонга йўналтириш ва мамлакат ичидагиларга режимни ағдаришга имкон беришга қаратилган. “The Washington Post” журналида эълон қилинган хабарга кўра, АҚШ курдларни Эронга қарши қурол кўтаришда қўллаб-қувватламоқда, Президент Трамп эса гуруҳга бундай операция учун кенг кўламли АҚШ ҳаво ҳимоясини таклиф қилган.

Теҳронда АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужумларидан сўнг тарқалган янги хабарларда Трамп Ироқдаги асосий курд гуруҳлари раҳбарлари – Масъуд Барзани ва Бафел Талабани билан телефон орқали суҳбатлашгани айтилган. Ушбу икки шахс минтақада, жумладан, Эронда курд гуруҳларига таъсир кўрсата олиши билан танилган. Баъзи манбаларда эса, АҚШ мутахассислари эронлик курдларни жанговар тайёргарликдан ўтказишни ва уларга қурол-яроғ етказиб беришни бошлагани айтилган.
Айни пайтда, тахминан 8 миллион эронлик курд бор, Ироқнинг Курдистон минтақасида яна 6 миллион киши яшайди. Эрон курдлари асосан мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмидаги тўртта вилоятда, Ироқ ва Туркиядаги этник курд минтақаларига туташган ҳолда жойлашган. Шу вақтгача эронлик курдларнинг халқаро сиёсий таъсири ва алоқалари Ироқ, Сурия ва Туркиядаги курд аҳолисига қараганда анча паст эди. Аммо, бошланган янги уруш ушбу мухолиф гуруҳ учун қулай фурсат яратган кўринади.
Сўнгги геосиёсий вазият курд омилини яна кун тартибига олиб чиқди. Айрим таҳлилларга кўра, АҚШ ва Исроил Эрон билан қарама-қаршилик кучайган шароитда курд гуруҳларини потенциал иттифоқчи сифатида кўрмоқда. Бу гуруҳлар орасида Курдистон Демократик партияси (КДПИ), ПЖАК ва Курдистон Озодлик партияси (ПАК) каби ташкилотлар мавжуд бўлиб, улар сиёсий ва ҳарбий қанотларга эга. Ушбу гуруҳлар ўзаро коалиция тузиб, Эрон режимини ағдариш ва курдлар учун ўзини ўзи бошқариш тизимини яратиш мақсадини илгари сурмоқда.
Ҳарбий нуқтаи назардан, курд кучлари Эрон учун жиддий стратегик муаммо туғдириши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, агар улар ташқи ёрдам билан фаол ҳаракат бошласа, Эрон хавфсизлик кучларини бир вақтнинг ўзида бир неча фронтда курашишга мажбур қилиши мумкин. Бу эса ички норозилик ҳаракатлари учун қўшимча имконият яратиши эҳтимолдан холи эмас. Энг ёмони эса, мамлакат ҳудудида фуқаролар уруши бошланиб кетиши мумкин. 2500 йиллик тарихга эга Эрон навбатдаги Сурия бўлиб қолиши минтақа учун энг ёмон сценарий бўлади.
Келажак масаласида эса ҳамма нарса Эрон ичидаги сиёсий жараёнлар ва халқаро вазиятга боғлиқ. Агар мавжуд режим сақланиб қолса, курд ҳудудларида репрессиялар янада кучайиши мумкин. Аксинча, агар сиёсий тизим ўзгариш жараёнига юз тутса, курдлар бошқа этник гуруҳлар билан бирга кўпроқ автономия талаб қиладиган асосий сиёсий кучлардан бирига айланиш эҳтимоли бор.
Хулоса қилиб айтганда, курдларнинг сепаратистик ҳаракатлари Эрон учун кераксиз ғалва, АҚШ ва Исроил учун муллалар ҳокимиятини “оёғидан чалиш” учун зўр имконият. Аммо шуни унутмаслик керакки, курд халқи бу кимларнингдир “қўлида ўйнатадиган” воситаси эмас, балки барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга миллатдир.
Live
Барчаси