Кўп тадбиркор эмас, балки ўса оладиган компаниялар керак – Умидбек Сафаров
Бизнес
−
20:20 1039 11 дақиқа
Ўзбекистонда бугун тадбиркор бўлиш 10 йил аввалгига қараганда анча осон, лекин ҳали “бизнес қилиш осон бўлган мамлакат” деган даражага тўлиқ етганимиз йўқ. Энг муҳими, муаммони энди фақат “тадбиркорга эркинлик берилмаяпти” деб тушунтириш камлик қилади. Бугунги босқичда асосий масала – тадбиркорга ўсиш имкониятини беришдир. Бу фикрлар сўнгги вақтларда солиқ маъмурчилиги ва тадбиркорлик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлари билан бизнес ҳамжамиятида фаол ўрин тутиб келаётган Умидбек Сафаровга тегишли.
Ҳар йили август ойида анъанавий равишда ташкил этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашуви олдидан QALAMPIR.UZ “United Tax Advisors” солиқ маслаҳати ташкилотининг асосчиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Умидбек Сафаров билан суҳбатлашди.
Кўп йиллик тажрибага эга эксперт билан мулоқотимиз давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви, бизнес муҳитидаги трансформациялар, арзон молиялаштириш ва кадрлар муаммоси, шунингдек, ЖСТга қўшилиш ҳамда сунъий интеллект даврида кутилаётган янги трендлар ва хавфлар ҳақида бўлди.
%20copy.jpg)
“Бизнес қилса бўлар экан”: Текширувлар, солиқ ва лицензиялардаги асосий енгилликлар
Агар охирги ўн йилликни сарҳисоб қилсак, энг муҳим қадамлардан бири бу – валюта курсининг эркинлаштирилиши ва давлатнинг бизнесга аралашуви кескин камайгани бўлди.
Демак, энг асосий ўзгаришларни кетма-кет таҳлил қиладиган бўлсак, биринчидан, давлатнинг бизнесга аралашуви кескин камайди. 2017 йилдан тадбиркорлик субъектларига нисбатан режадан ташқари текширувлар ва айрим муқобил текширувлар бекор қилинди. Бу тадбиркорни назорат қилувчи органлар босимидан ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди.
Иккинчидан, лицензия ва рухсат бериш тартиблари соддалаштирилди. 2017–2018 йиллардан бошлаб “ягона дарча” тамойили, электрон хизматлар ва “лицензия” ахборот тизими жорий этилди. Кўплаб лицензия ва рухсатномалар қисқартирилди. Мисол учун, улгуржи савдо фаолияти учун лицензия бекор қилинди, уларни олиш муддатлари соддалаштирилди. 2018 йилда эса лицензиялаш ва рухсат бериш тартибларини янада қисқартириш бўйича кенг чоралар белгиланди.
Учинчидан, солиқ маъмурчилиги электронлаштирилди, ҳисоботлар соддалаштирилди, тадбиркорларга нисбатан ортиқча текширувлар қисқартирилди. Режали ва режадан ташқари текширувлар бекор қилинди, Таҳлика-таҳлил дастури асосида текширувлар йўлга қўйилди, риск суммасига қараб айрим корхоналарда текширувлар ўтказилмайдиган бўлди. Қолверса, солиқ юкини камайтириш сиёсати бошланди. Бу бизнеснинг “яширин” фаолиятидан кўра, расмий ишлашини рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгариш эди.
Tўртинчидан, кичик бизнес учун шартлар янада енгиллаштирилди. 2026 йил 1 июлдан кичик бизнеснинг ўсишига тўсқинлик қилаётган ҚҚСга мажбурий ўтишнинг 1 млрд сўмлик чегаравий миқдори 5 млрд сўмга оширилди, савдо, хизмат ва умумовқатланиш фаолияти учун соддалаштирилган 6 фоизлиқ ҚҚС жорий қилинди.
Тадбиркорлар таклифи қонунга айланмоқда
Президент билан тадбиркорлар учрашуви туфайли давлат миқёсида тадбиркорларнинг дардини ва таклифларини бевосита эшитадиган муҳим платформа юзага келди. Энг асосийси, бу ерда кўтарилган масала ва таклифлар тез орада ўз ечимини топа олди ҳамда тадбиркорлар ўз фикр ва мулоҳазаларини эмин-эркин айта бошлашди.
Муайян мисоллар билан айтадиган бўлсам, авваламбор, бизда асосан солиқ соҳаси ва тадбиркорлик юритишга оид қонунчиликдаги зиддиятлар, шунингдек, солиқ маъмурчилигида бизнесга салбий таъсир қилаётган ҳолатларни бартараф қилиш бўйича бериб келаётган таклифларимиз мунтазам қабул қилиниб келинмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги учун ҳужжатсиз кирим қилиш ва ҚҚСни ноль ставкада қўллаш, автокамерал текширишдаги муаммолар ҳал этилди.
Бундан ташқари, ушбу мулоқотлар доирасида тизимли ўзгаришлар амалга оширилди. ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди ва натижада тадбиркорлар ихтиёрида 6 трлн сўмга яқин маблағ қолди.
2023 йилга келиб тадбиркорликка киришни қийинлаштирган 119 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди ёки хабар бериш тартибига ўтказилди.
2023 йилнинг биринчи ярмида солиқ тўловчилар фаолиятидаги текширувлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайди. Бу очиқ мулоқотларда жуда кўп кўтарилган “текшир-текшир” муаммосига берилган амалий жавоб бўлди.
Экспортчиларга ҚҚСни 7 кун ичида тез қайтариш тизими йўлга қўйилди. 2023 йил маълумотларига кўра, бу каби енгилликлар сабабли экспортчи корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага, экспорт маҳсулотлари тури эса 1,5 мингтадан 3 мингтага етди.
Тадбиркорликни осон дейиш – нодонлик
Тадбиркорликни осон деб ўйлашнинг ўзи бир нодонлик. Сабаби, тадбиркор бор-буди билан, керак бўлса қарзга кириб ҳам бизнес юритади ва борди-ю касод бўлса, ҳамма нарсадан бир зумда айрилади. Эътибор беринг, шунча хавф-хатар билан ҳамма ҳам майдонга чиқишга журъат қилолмайди. Мен бу ўринда 100-200 млн сўмга нарса олиб сотишни эмас, йирик ва катта лойиҳаларни назарда тутяпман.
Тадбиркорларга энг асосийси – йўлини очиш, иложи борича ишига аралашмаслик керак. Борди-ю хато қилгудек бўлса, уни текшириб, молиявий жарима ва ҳар хил санкцияларни қўлламасдан, кечириб, камчиликларини бартараф қилишига имкон яратилса, Ўзбекистонда тадбиркорлик гуллаб, бизнес муҳити бунданда анча яхшиланган бўларди.
Менимча, Ўзбекистонда бугун тадбиркор бўлиш 10 йил аввалгига қараганда анча осон, лекин ҳали “бизнес қилиш осон мамлакат” деган даражага тўлиқ етганимиз йўқ. Энг муҳими, муаммони энди фақат “тадбиркорга эркинлик берилмаяпти” деб тушунтириш камлик қилади. Бугунги босқичда асосий масала – тадбиркорга ўсиш имкониятини беришдир.
Агар “Тадбиркорларда нима етишмаяпти?” деган масалани таҳлил қилсак: энг катта муаммо – арзон ва узоқ муддатли молия. Бу, менимча, биринчи муаммо.
Жаҳон банкининг 2025 йилги баҳосига кўра, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнеснинг кредитга бўлган эҳтиёжи тахминан 13 млрд доллар, мавжуд молия билан эҳтиёж ўртасида эса 6 млрд долларлик тафовут бор. Кичик корхоналарнинг фақат 10 фоизи кредит олиш имконига эга эканини билдирган. Яъни тадбиркорда ғоя, бозор ва мижоз бор, лекин “иккинчи цехни қандай очаман?”, “ускунани қаердан оламан?” деган савол қолмоқда.
Иккинчидан, гаровсиз кредит олиш имконияти етишмаяпти. Банк ҳали ҳам кўп ҳолларда “қандай бизнес қиласиз?”дан кўра “қандай гаров қўясиз?” деб сўрайди. Жаҳон банки ҳам юқори гаров талаблари, молиявий маълумотларнинг етарли эмаслиги ва молиявий маҳсулотлар танловининг чекланганини бизнесни молиялаштиришдаги тўсиқлар сифатида кўрсатмоқда.
Учинчидан, адолатли рақобат муҳити. Тадбиркор учун энг оғир вазият – рақобатчининг кучлилиги эмас, қоидаларнинг ҳаммага бир хил ишламаслигидир. Давлат корхоналарининг айрим бозорлардаги устунлиги, монополиялар ва норасмий сектор билан рақобат масаласи ҳали долзарб. Жаҳон банки ҳам давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва рақобат муҳитини кучайтиришни асосий вазифалардан бири сифатида кўрсатган.
Тўртинчидан, сифатли кадрлар етишмаяпти. Тадбиркор “одам тополмаяпман” деган муаммога тобора кўпроқ дуч келмоқда. 2024 йилги World Bank Enterprise Survey маълумотларида корхоналарнинг 7,6 фоизи етарлича билимли ишчи кучининг йўқлигини асосий тўсиқ сифатида кўрсатган. Бу ерда гап фақат оддий ишчи ҳақида эмас – яхши бухгалтер, технолог, маркетолог, сотувчи, IT мутахассиси ва ўрта бўғин менежерлари етишмаяпти.
Бешинчидан, электр, логистика ва инфратузилма масаласи. Айниқса ҳудудларда бизнес учун электр энергияси, транспорт ва логистика харажатлари жиддий масала бўлиб қолмоқда. 2024 йилги сўровда электр таъминоти 10,1 фоиз корхона учун энг катта операцион тўсиқ сифатида қайд этилган.
Олтинчидан, бизнесни бошқариш маданияти. Бу давлатга эмас, тадбиркорнинг ўзига боғлиқ муаммо. Кўп бизнеслар ҳали ҳам эгасининг шахсий меҳнатига қаттиқ боғланган: эгаси бўлмаса, сотув тушади, ҳисоб-китоб тизими йўқ, молиявий режа йўқ, бренд ва маркетинг суст. Шунинг учун бизга шунчаки “кўп тадбиркор” эмас, балки “ўса оладиган компаниялар” керак.
Ва еттинчидан, қизиқ жиҳати – солиқ ҳали ҳам асосий муаммо бўлиб қолмоқда. 2024 йилги World Bank Enterprise Survey’да тадбиркорлардан бизнесга энг катта тўсиқ сўралганда, 16,5 фоиз солиқ ставкаларини, 10,5 фоиз молияга киришни, 10,1 фоиз электр таъминотини ва 8,4 фоиз коррупцияни кўрсатган. Шунинг учун “солиқ масаласи ҳал бўлди” дейишга ҳали эрта. Лекин муаммо энди фақат солиқ ставкасининг баландлиги эмас – солиқ тизимининг барқарорлиги ва унинг тадбиркор учун қанчалик прогноз қилина олиши ҳам муҳимдир.
Тадбиркорликни ривожлантиришнинг 5 йўли
Назарияда ҳам тан олинган ва амалиётда ҳам ўз исботини топган ягона формула бор – бу “Мулк дахлсизлиги ва Қонун устуворлиги”ни таъминлашдир.
Мулк дахлсизлиги нима дегани? Бу – сизни ишингизга аралашмаслик, ҳар хил жарималар билан мулкингизни олиб қўймаслик ёки қонун ўзгариши сабабли мулкингиз камайишига йўл қўймаслик ва ҳоказо. Қонун устуворлиги эса суд-ҳуқуқ тизими одил ишлаши ва қонун ҳаммага бир хил талқин қилинишидир.
Катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳуқуқ бузилдими – у жойига тикланиши даркор.
Менимча, кейинги босқичда Ҳукуматнинг вазифаси “тадбиркорга яна қандай имтиёз бериш керак?” деган ёндашувдан аста-секин “бозорга давлатнинг ўзи қанча камроқ аралашса, шунча яхши” деган тамойилга ўтиш бўлиши керак. Бу айниқса муҳим, чунки Жаҳон банкининг 2025 йилги таҳлили Ўзбекистонда хусусий сектор ўсиши учун асосий тўсиқлар сифатида давлат корхоналарининг катта улуши, рақобатдаги бузилишлар, молияга кириш, инфратузилма ва инсон капитали масалаларини кўрсатган.
Агар Ҳукумат томонидан ташланиши керак бўлган муҳим қадамларни кетма-кет таҳлил қилсак:
Биринчидан, солиқ сиёсатида “барқарорлик”ни биринчи ўринга қўйиш зарур. Тадбиркор учун солиқнинг ўзи қанчалиги муҳим, лекин эртага қоида ўзгариб кетмаслиги ундан ҳам муҳимроқ. Шунинг учун мен камида 3–5 йил олдиндан маълум бўлган солиқ сиёсати тамойилини кучайтирган бўлардим. Тадбиркор инвестиция қилаётганда “келаси йили солиқ режими қандай бўлади?” деб хавотир олмаслиги керак.
Иккинчидан, банк кредитидан кўра, капитал бозорини ривожлантириш лозим. Бизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш деганда кўпинча “банкдан кредит олиш” тушунилади, лекин бу етарли эмас. Тадбиркорга венчур капитали, хусусий инвестиция фондлари, корпоратив облигациялар, акция бозори, лизинг, факторинг ва кредит кафолатлари каби муқобил молиялаштириш манбалари керак. Айниқса кичик ва ўрта бизнес учун гаровсиз ёки минимал гаровли молиялаштириш механизмларининг ривожланиши зарур. Жаҳон банки ҳам Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнеснинг молияга киришини кенгайтириш ва муқобил молиялаштириш манбаларини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида кўрсатмоқда.
Учинчидан, электр, газ, транспорт ва логистикани ҳақиқий бозорга ўтказиш керак. Бу жуда оғриқли, лекин зарур масала. Бизнес учун электр энергияси, газ, темир йўл ва логистика харажатлари маҳсулот таннархига бевосита таъсир қилади. Жаҳон банки Ўзбекистон инфратузилмасини, хусусан электр ва транспорт тизимларини модернизация қилиш бизнес харажатларини пасайтириш учун муҳимлигини таъкидламоқда. Бу ерда мақсад – давлат нархни сунъий равишда паст ушлаб туриши эмас, балки рақобатни яратиб, хизмат сифатини ошириш ва нархни бозор механизмлари орқали шакллантиришдир. Албатта, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш алоҳида механизм орқали амалга оширилиши керак.
Тўртинчидан, экспорт қиладиган бизнеслар сонини кескин кўпайтириш зарур. Ўзбекистонда ички бозор катта, лекин узоқ муддатли ўсиш учун экспортга чиқадиган хусусий компаниялар сони ортиши керак. Бунинг учун тадбиркорга экспорт сертификатлари, халқаро стандартлар, логистика, экспорт суғуртаси, валюта операциялари, ташқи бозор ҳақида маълумот ва халқаро маркетинг бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши лозим. Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистонда савдо ҳажмининг иқтисодиётга нисбати сезиларли ошган бўлса-да, фирмаларнинг фақат тахминан 6 фоизи экспорт қилади. Демак, экспортга чиқиш салоҳиятимиз ҳали жуда катта.
Ва бешинчидан, “текширувчи давлат” концепциясидан “хизмат кўрсатувчи давлат”га ўтиш шарт. Тадбиркор ҳар бир иши учун 5–10 та идорага бориб, ҳужжат олиб юрмаслиги керак. Принцип жуда оддий: давлатда мавжуд маълумотни давлатнинг ўзи олади ва тадбиркордан қайта-қайта сўрамайди. Бунинг учун барча лицензия, рухсатнома, субсидия, солиқ, кадастр, божхона ва бошқа жараёнларни максимал даражада “бир дарча” ва автоматик қарор қабул қилиш тизимига ўтказиш зарур.
Энг қиммат ресурс пул эмас, кадр бўлади
Ўзбекистондаги тадбиркорлик ва хусусий сектор ҳақида гап кетганида, яқин 3–5 йилда мен энг катта ўзгаришларни бир вақтнинг ўзида ҳам улкан имконият, ҳам жиддий хавф сифатида кўраман.
Бизнес муҳитида кутилаётган асосий тренд ва хавф-хатарларни қуйидагича кўрсатиш мумкин:
Рақобат кескин кучаяди. Давлат корхоналарини хусусийлаштириш, монопол тармоқларни либераллаштириш ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш жараёни давом этса, хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига янада кўпроқ кириб келади. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, ЖСТга қўшилиш бўйича икки томонлама музокаралар 2026 йилда якунига етиши кутилмоқда. Демак, маҳаллий бизнеслар энди фақат ички рақобатга эмас, глобал стандартларга ҳам тайёр туриши шарт.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект (AI) бизнес моделини тубдан ўзгартиради. Сунъий интеллект, автоматлаштириш ва рақамли савдо кўплаб соҳаларни қамраб олади. Бухгалтерия, маркетинг, мижозлар билан ишлаш, логистика, таҳлил, дастурлаш каби вазифаларнинг бир қисми жадал автоматлашади. Бу ердаги энг катта хавф – технологияни жорий қилмаган компаниялар рақобатда орқада қолиб кетганини сезмай ҳам қолади. Шунинг учун тадбиркор учун энди “AI’дан фойдаланиш керакми?” деган савол эмас, балки “AI’ни қайси жараёнга биринчи бўлиб жорий қиламан?” деган савол биринчи ўринга чиқади.
Энергия нархи ва энергия таъминоти масаласи. Энергетика ислоҳотлари бизнес харажатларига бевосита ва жиддий таъсир қилади. Энергия тарифлари 2025 йилда харажатларни қоплаш даражасига яқинлаштирилди. Бу бозор механизмларига ўтиш нуқтаи назаридан жуда муҳим ва тўғри қадам, лекин энергияни кўп истеъмол қиладиган корхоналар учун харажат босимини кескин ошириши табиий. Шу сабабли энергия самарадорлиги, қуёш энергетикаси ва энергия тежовчи технологиялар кейинги йилларда шунчаки шуҳрат учун қилинган “яшил лойиҳа” эмас, балки бизнеснинг омон қолиш ва рақобат устунлигига айланади.
Кадрлар учун кураш кескин кучаяди. Менимча, яқин 3–5 йилда тадбиркорлар учун энг қиммат ва танқис ресурс пул эмас, айнан сифатли мутахассис бўлади. Айниқса IT, муҳандислик, молия, сотув, маркетинг, технологлар ва бошқарув бўйича кучли кадрларга талаб ортиб боради. Демак, компаниялар эскича “ходим ёллаш” ёндашувидан аста-секин “ходимни ўз ичида тайёрлаш ва уни ушлаб қолиш” моделига ўтишга мажбур бўладилар.
Live
Барчаси