“Кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам силжитиш мумкин”. Мирзиёев Япониядаги саммитда қатнашди

Жамият

image

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токиода “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Япония Бош вазири Санаэ Такаичи раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бундан 20 йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор “Марказий Осиё плюс” мулоқотининг ташаббускори бўлганини қайд этган.

“Биз Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан кейинги давр мобайнида Япония ишончли ҳамкоримиз бўлиб келаётганини, минтақа ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, инфратузилма, саноат ва энергетика базасини модернизация қилиш, фан ва таълим ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак қадрлаймиз. Шу сабабли, Марказий Осиё давлатлари Япониянинг минтақа ҳаётида янада кенг ва фаол иштирок этишидан манфаатдор” деган Мирзиёев.

Минтақа табиий ресурсларга бойлиги, жаҳондаги транспорт, савдо ва энергетика йўналишлари чорраҳасида жойлашгани, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсаётгани ҳамда бу ерда кечаётган яқинлашиш ва интеграциянинг фаол жараёнлари Япония билан кооперация учун қулай шароит яратмоқда.

“Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янги марраларга эришамиз. Донишманд япон халқи айтганидек, агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам ўз ўрнидан силжитиш мумкин”, деган Ўзбекистон Президенти.

Мирзиёев саммит кун тартибига ўтар экан, “Марказий Осиё + Япония” форматида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этган.

Эслатиб ўтанмиз, кеча, 19 декабрь куни Токиога ташрифининг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Акасака саройида Япония Бош вазири номидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари шарафига ўтказилган расмий қабул маросимида иштирок этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Япония Токио Марказий Осиё + Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг